Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Зинедин Зидан жамоанинг жорий мавсумдаги ўз бошқарувидаги илк мағлубиятини шогирдларида иштиёқнинг етишмаслиги билан изоҳлади.
3 апрель куни “Қироллик клуби” Испания Примерасининг 30-тури доирасида “Валенсия” меҳмони бўлиб, 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Мезбонларнинг голларига Гонсало Гедеш ва Изикель Гарай муаллифлик қилишган бўлса, мадридликларнинг ягона жавоб тўпини учрашувнинг сўнгги дақиқасида Карим Бензема киритди.
Эслатиб ўтамиз, Зидан қўл остида “Реал” олдинги 2 та ўйинда ғалаба қозонганди. Жумладан, аутсайдер “Уэска” жамоасига қарши кечган баҳсда Бензема сўнгги дақиқада гол уриб, мадридликларнинг ғалабасини таъминлаганди.
“Қироллик клуби” айни пайтда турнир жадвалида пешқадам “Барселона”дан 13 очко ортда қолган ҳолда, 3-ўринда бормоқда, аммо гарчи имкониятни бой берган бўлса-да, 5-поғонадаги “Валенсия”дан 11 очко олдинда ҳамда совринли ўринлар учун кескинликни сақлаб турибди.
“Валенсия” ҳамда “Реал” клублари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Зинедин Зидан рақиб жамоа - “Валенсия” борасида ҳам тўхталиб, жумладан шундай деди:
- Мезбонлар жорий мавсумни ижобий натижа билан якунлашмоқчи. Балки, мазкур ўйинда шогирдларимга иштиёқ етишмаганлиги ростдир. Аммо йигитлар профессионаллар ва улар “Реал” футболкасини кийишганида, майдонга фақат зафар қучиш иштиёқида тушишлари ҳамда бунинг учун бор маҳоратларини ишга солишларини тушунишлари лозим.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.