Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи Эктор Купер Осиё Кубогидан ўрин олган Уммонга қарши ўйиндан кейин ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Уммон бугун кучли ўйин намойиш қилди. Биз кўп вазиятларда тўпни рақибдан олиб қўйишга қийналдик. Бугун икки хил бўлим ўтказдик.Биринчи бўлимда яхши ҳаракат қилгандик. Аммо иккинчи бўлимда биз устунликни рақибга бериб қўйдик. Уммон ўйинни назорат қилишга муваффақ бўлди. Биз ҳудудларни ёпишга қийналдик, рақибимиз бундан унумли фойдаланди. Лекин ҳисоб тенглашгандан кейин ҳам ғалаба қозонишимизга ишонч бор эди, менда. Осиё Кубогини ғалаба билан бошлаганимиздан хурсандман.
Терма жамоа аъзолари жисмоний жиҳатдан яхши формадалар. Шунчаки бугун биринчи баҳс бўлгани учун бироз асабийлашдилар. Биз Уммонга қарши кечган учрашувда тўпни назорат қила олмаганимиз учун ҳам кўп югуришга, кўп куч йўқотишга мажбур бўлдик. Кейинги ўйинларда бу хатоларимизни тўғрилашга ҳаракат қиламиз.
Тўп киритилган вазиятда икки футболчи аъло даражада ҳаракат қилди. Лекин мен ҳар доим жамоавий ўйинга эътибор қаратаман. Футболчиларга алоҳида баҳо бермайман. Ютса бутун жамоа ютади. Баъзи футболчиларни олдимга чақириб, уларга алоҳида кўрсатма беришим мумкин, лекин доимо уларни бир жамоа бўлиб ҳаракат қилишга чақираман, - деди Купер.
Манба: ufa.uz.