Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари конгресси якунланганидан сўнг, Ўзбекистон миллий терма жамоаси фаолиятига бағишланган конференция ўтказилди.
ЎФА президенти Абдусалом Азизов Миллий терма жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов, Терма жамоалар бўлими бошлиғи Азиз Ҳайдаров ҳамда жамоа сардори Одил Аҳмедовнинг ҳисоботларини тинглади.
Конференция очиқ тарзда ўтказилди ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиш имкониятига эга бўлишди.
МТЖ бош мураббийи Вадим Абрамов жамоанинг тайёргарлик жараёни ҳақида ҳисобот берди ҳамда Саудияда Арабистонига қарши баҳсда жамоа мағлубиятига бош мураббий жавобгар эканлигини таъкидлади.
Азиз Ҳайдаров футболимиздаги муаммоларга тўхталиб ўтиб, йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқариш зарур эканлиги ва Ўзбекистон терма жамоаларининг фаолиятига янада жиддий эътибор қаратилишини таъкидлади.
Одил Аҳмедов футболимиздаги муаммоларни ҳал этмай туриб, Миллий терма жамоани жаҳон чемпионатига чиқиш орзусига етишиш қийин эканлигини айтиб ўтди.
Йиғилиш сўнггида ЎФА президенти Абдусалом Азизов миллий терма жамоа олдига қўйилган вазифа бажарилмаганлиги туфайли, бош мураббий Вадим Абрамов ва мураббий штаби аъзолари билан тузилган шартнома ўз ниҳоясига етганлигини маълум қилди ҳамда яқин вақт ичида янги бош мураббий лавозимига номзодлар кўриб чиқилишини таъкидлади.
Шунингдек, ЎФА раҳбари ташкилот фаолиятида турли йўналишлардаги хато ва камчиликлари юзасидан танқидий фикр билдирди.
Манба: ufa.uz.