Ўртоқлик ўйини
29 март (душанба)
Ўзбекистон МТЖ - Ироқ МТЖ - 0:1 (0:0)
Тошкент. “Бунёдкор” стадиони.
Ҳакамлар: Нурзатбек Аскат Уулу, Сергей Гришченко, Исмаилжан Талипжанов (учаласи Қирғизистон), Аҳрол Рисқуллаев (Ўзбекистон).
Назоратчи: Баҳодир Қўчқоров.
Комиссар: Александр Давиденко.
Гол: Шерко Карим Латиф (56).
Ўзбекистон МТЖ: 12.Абдувоҳид Неъматов, 4.Фаррух Сайфиев (13.Санжар Қодирқулов, 71), 20.Ислом Тўхтахўжаев, 21.Азимжон Аҳмедов, 3.ИброҳимХалил Йўлдошев, 19.Отабек Шукуров, 9.Одил Ҳамробеков, 6.Остон Ўрунов (8.Ойбек Бозоров, 61), 7.Сардор Рашидов (17.Достонбек Ҳамдамов, 46), 10.Жалолиддин Машарипов, 14.Элдор Шомуродов.
Ироқ: 12.Жалол Ҳассан, 2.Аҳмед Иброҳим, 5.Али Фаёз, 7.Сафаа Хади, 8.Ҳуссайин Али, 9.Иброҳим Байеш, 11.Ҳумам Тариқ, 13.Башар Ресан, 14.Амжед Атван, 15.Дургам Исмоил, 17.Алаа Мҳави.
Захира: 1.Фаҳад Толиб, 20.Аҳмад Басил, 3.Мустафо Муслуҳи, 4.Мустафо Маан, 6.Файсал Жасим, 10.Алаа Абдул Заҳро, 16.Шерко Карим Латиф, 18.Муҳаммад Давуд, 19.Муғаммад Қосим, 21.Ҳасан Раед, 22.Аҳмад Ҳамид, 23.Майтам Ал Фарттуси.
Огоҳлантиришлар: Аҳмед Иброҳим (41), Ҳумам Тариқ (81, иккаласи Ироқ МТЖ).
29 март куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида Ўзбекистон ва Ироқ термалари ўртасида ўртоқлик ўйини ўтказилди. Қизиқарли ва томошабоп тарзда кечган учрашувда меҳмонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ягона гол ироқликлар аъзоси Шерко Карим Латиф ҳисобига ёзилди.
Умуман олганда, миллий термамиз футболчилар ўйинни ёмон бошлашмаганди. Биринчи бўлимнинг ўзида рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун бир нечта имкониятларга эга бўлишди, аммо уларни голга айлантириш насиб қилмади.
Ҳужумнинг чап қанотида Жалолиддин Машарипов одатдагидек фаоллик кўрсатган бўлса, ўрта чизиқда Одил Ҳамробеков – Отабек Шукуров – Остон Ўрунов учлиги ҳужумлар уюштиришда жонбозлик кўрсатишди.
Ўз навбатида, “Женоа” сафида тўп сураётган Элдор Шомуродовда ҳам қулай вазиятлар вужудга келди, бироқ унинг уринишлари ҳам самара келтирмади.
Учрашувда ироқликларга ғалаба келтирган ягона гол 56-дақиқада амалга оширилди. Меҳмонлар футболчисининг дарвоза томон йўллаган кучли зарбасини Абдувоҳид Неъматов қайтарганди, қайтган тўпни эса захирадан ўйинга қўшилган Шерко Карим Латиф тўрга жойлади. Қолган дақиқаларда ҳар икки жамоада бир қатор имкониятлар вужудга келган бўлсада, 0:1 ҳисоби учрашув охиригача ўзгармади.
Мазкур баҳсда “Навбаҳор” сардори Азимжон Аҳмедов майдонда тўлиқ - 90 дақиқа тўп тепди. Айтиш жоизки, у майдонда энг фаол ҳаракат қилган футболчилардан бири бўлди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.