Ўртоқлик учрашуви
Ўзбекистон МТЖ – Тожикистон МТЖ - 2:1 (1:0)
3 сентябрь. Тошкент . “Локомотив” стадиони.
Ҳакамлар: Аҳрол Рисқуллаев, Алишер Усмонов, Санжар Шоюсупов, Жасур Мухторов
Голлар: Ш.Убайдуллаев (33), М.Холмуҳаммедов (67-пен.) – З.Жўрабоев (48).
Ўзбекистон МТЖ: 12.Абдувоҳид Неъматов, 2.Ислом Қобилов, 3.Иброҳим Халил Юлдашев, 4.Ҳусниддин Алиқулов, 10.Аброр Исмоилов (5.Акмал Мозговой, 75), 13.Санжар Қодирқулов (8.Нурилло Тўхтасинов, 64), 15.Мурод Холмуҳаммедов (21.Искандар Шойқулов, 85), 17.Шаҳзод Убайдуллаев (19.Шоҳруз Норхонов, 64), 18.Лутфулла Тўраев, 20.Ҳожимат Эркинов (7.Қувондиқ Рўзиев, 64), 22.Ойбек Бозоров (23.Фаррух Икромов, 85).
Захирадагилар: 1.Ботирали Эргашев, 6.Ойбек Рустамов, 11.Суҳроб Бердиев.
Тожикистон МТЖ: 23.Шоҳруҳ Қирғизбоев, 4.Хуршид Бекназаров (2.Зоир Жўрабоев, 46), 5.Манучеҳр Сафаров, 7.Комрон Турсунов (14.Муҳаммаджон Раҳимов, 88), 9.Алишер Жалилов, 17.Эҳсони Паншанбе, 19.Аҳтам Назаров, 20.Амирбек Жўрабоев, 21.Манучеҳр Жалилов (11.Шериддин Бобоев, 46), 22.Жаҳонгир Эргашев (15.Умаржон Шарипов, 83), 24.Давронжон Эргашев (25.Ваҳдат Ҳанонов, 75).
Захирадагилар: 16.Қурбонали Бабаев, 3.Давлатмир Табрези, 6.Хуршид Абдуллоев, 8.Шарафжон Солеҳов, 12.Илҳомжон Баротов, 13.Алишер Баротов, 18.Тоҳир Малодустов.
Огоҳлантиришлар: Аброр Исмоилов (68) – Ж.Эргашев (27), М.Сафаров (42).
3 сентябрь куни Тошкентдаги “Локомотив” стадионида Вадим Абрамов мураббийлик қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тожикистон терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказди.
Мазкур ўйинда Вадим Абрамов шогирдлари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Ушбу баҳсга 1 сентябрь куни Сoca Cola Суперлига 14-турида майдонга тушган “Навбаҳор” ва “Пахтакор” жамоаларининг футболчилари жалб этилишмади.
Тожикистон термаси таркибида эса “Навбаҳор”нинг собиқ футболчиси Амирбек Жўрабоев ҳамда янги аъзоси Эҳсони Паншанбе майдонда тўлиқ ҳаракат қилишди.
Учрашувдаги ҳисоб 33-дақиқада очилди. Санжар Қодирқуловнинг тўп узатишидан кейин Шаҳзод Убайдуллаев рақиб жарима майдончаси ичига кириб, дарвозани аниқ нишонга олди – 1:0.
Натижада терма жамоамиз танаффусга 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан йўл олди.
Иккинчи бўлимни ҳужумкор руҳда бошлаган тожикистонликлар тез орада ҳисобни тенглаштиришди. Эҳсони Паншанбе томонидан узатилган тўпни Зоир Жўрабоев дарвозага аниқ йўллаб, мувозанатни тиклади - 1:1.
Шундан сўнг, ҳужумкорликни кучайтирган ҳамюртларимизнинг навбатдаги ҳужумларидан сўнг, меҳмонлар ўз жарима майдончалари ичида Ойбек Бозоровга нисбатан қўполлик ишлатишди.
Натижада учрашув бош ҳаками Аҳрол Рисқуллаев тожикистонликлар дарвозасига пенальти белгилади. 11 метрли жарима зарбасини эса шу куни терма жамоамизни майдонга сардор сифатида олиб тушган Мурод Холмуҳаммедов аниқ амалга ошириб, ҳамюртларимизни ҳисобда олдинга олиб чиқди – 2:1.
Учрашув якунига қадар, мезбонларда 1-2та хавфли вазиятлар юзага келган бўлса-да, футболчилар улардан самарали тарзда фойдалана олишмади.
Шу тариқа, Вадим Абрамов шогирдлари мазкур ўйинда тожикистонликларни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.