pfcnavbahor.uz "Навбаҳор" профессионал футбол клубининг расмий сайти
Ашурматов мухлислар билан учрашди
13.08.2014 23:22

Бугун “Навбаҳор” ўйингоҳида, “Навбаҳор” футбол клуби раҳбарияти ва жамоа мухлислари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда “Навбаҳор” футбол клуби вице президенти Расулжон Низамбаев, жамоа бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов, Ўзбекистонда футболни қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Наманган вилояти бўлими директори Машрабжон Алиханов, ИИБ ЖТСБ бошлиғи Улуғбек Иминовлар иштирок этишди. Мазкур учрашувга мухлислар билан бир қаторда ОАВ вакиллари ҳам таклиф этилишганди. Дўстона руҳда ўтган учрашувда мухлислар ўзларини қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб олишди. 
Учрашув аввалида, ИИБ жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Иминов сўз олиб, Қўқонда ўтадиган навбатдаги “водий дерби”си хусусида сўз юритди. Иминов ўз сўзида мухлисларга ўзларини ўйингоҳда қандай тутишлари, мухлислик маданияти ва бошқа бир қатор фойдали маслаҳатлари билан ўртоқлашди. Шу билан биргаликда, ишқибозларни ўйингоҳда жорий этилган тартиб қоидаларга риоя қилиш фойдадан ҳоли бўлмаслигини тушунтириб ўтди.
Ўйингоҳга йиғилган аксарият мухлислар “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи Бахтиёр Ашурматовга бир қатор саволлар билан мурожаат қилишди. Ўз навбатида Ашурматов ишқибозларнинг барча саволларига атрофлича жавоб қайтариб, мухлисларнинг олқишига сабаб бўлди. Ёдингизда бўлса “Навбаҳор” – “Бухоро” жамоалари ўртасидаги учрашув якунига етгач ўтказилган матбуот анжуманида Ашурматов “Навбаҳор”ни ғалабасидан хурсанд бўлмайдиган мухлислар ҳам борлигини айтиб ўтганди. Айнан шу мавзуда ишқибозлардан бири савол бериб, гап айнан кимлар ҳақида кетаётганлиги билан қизиқди. Бунга жавобан Ашурматов турли сайтларда жамоага оид турли хил танқидий мақолалар чиққанлиги ва уларга мухлислар томонидан билдирилган фикрларни мисол қилиб кўрсатди ва учрашув қатнашчиларига интернет сайтларида берилаётган мақолаларни доимо кузатиб боришини маълум қилди. Салбий фикр билдирган мухлисларни эса айнан ғалабадан хурсанд бўлмайдиганлар сирасига киритиш мумкинлиги билдирди.
Барчага маълумки, бугунги кунда Бахтиёр Ашурматов Миржалол Қосимов бошчилигидаги миллий терма жамоа мураббийлар штабидан ҳам ўрин олган. Мураббийни иккита лавозимда фаолият юритиши ҳам ОАВларда муҳокама қилиб келинмоқда. Мухлислар Ашурматовни терма жамоа билан банд бўлганида, клубдаги машғулот жараёни ёки тартиб-интизом борасида ҳам камчиликлар юзага келиши мумкинлигини айтиб ўтишди. Бунга жавобан Ашурматов “Навбаҳор”га келишидан олдин “Бунёдкор” клуби мураббийлар штабидан ўрин олганлигини айтиб, мустақил равишда ишлашни истаганлиги ва наманганлик мухлисларнинг футболга бўлган муносабатлари туфайли “Навбаҳор”да ишлашга розилик билдирганлигини эътироф этди. “Навбаҳор”га ўтишига айнан мухлисларни сабаб қилиб кўрсатиб, бу борада пул ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаганлигини таъкидлади. Агарда мураббий “Бунёдкор”да қолиб, ортиқча маъсулиятдн халос бўлган ҳолда яхшигина иш ҳақи билан таъминланган ҳолда фаолият олиб бориши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди. Ашурматов “Навбаҳор”да иш бошлагач, Қосимовни ЎФФ раҳбарияти билан келишган ҳолда терма жамоага чақирилганлигини айтиб ўтди. Бевосита унинг йўқлигида клубда мухлислар таъбири билан айтилган ҳолатни юзага келмаслигини билдирди. Яъни мураббий ўз ёрдамчиларига тўлиқ ишонишини ҳамда уларни ўзи белгилаб берган жадвал асосида иш юритишларини айтиб, бу борада ҳеч қанда хавотирга ўрин йўқлигини билдирди.
Мухлислар давралар оралиғида таркибда амалга оширилган ўзгаришлар хусусидаги саволлар билан мурожаат қилишди. Бунга Ашурматов қуйидагича жавоб қайтарди: “Барчага маълумки, давралар оралиғида жамоани маҳоратли ҳимоячилардан бири Шукурали Пўлатов тарк этди. Айнан ушбу футболчини кетганлигини инобатга олмаганда, жиддий йўқотишлар бўлмади. Аксинча, рақобатни ошириш мақсадида айрим чизиқларга янги ўйинчиларни таклиф этдик. Биринчи навбатда жамоага тўпурар ҳужумчини жалб этиш масаласи турганди. Ушбу камчиликни бартараф этиш мақсадида хорижлик бўлган айрим легионерларни кўрикдан ўтказдик. Улар орасидан украиналик Руслан Качур билан шартнома имзоладик. “Бухоро”га қарши учрашув легионерни танлашга хатоликка йўл қўймаганлигимизни кўрсатиб берди. Қолган чизиқларга жалб этилган футболчиларимиз ҳам ўзларига билдирилган ишончни албатта оқлашади деган умиддаман”.
Бир қатор мухлислар Пўлатов “Навбаҳор”дан кетгач, жамоага Қаҳрамон Маҳаммаджоновни қайтариш лозимлиги ҳақида фикрлар билдиришганди. Ҳуқуқий жиҳатдан айнан “Навбаҳор”га тегишли бўлган Маҳаммаджоновни ортга қайтариш учун ҳаракат қилинганлигини ҳам Ашурматов айтиб ўтди: “Қаҳрамонни ортга қайтаришни режалаштирганди. Бу борада уни ўзи билан ҳам суҳбатлашдик. Унга соғлом рақобатда ютиб чиқиб ўзини кўрсата олса асосий таркибдан жой берилишини айтдик. Якунда ҳимоячи ўйлаб кўриб, “Шўртан”да қолишга қарор қилганлигини билдирди. Қаҳрамон мавсум иккинчи ярмида яхшигина ўйин амалиётига эга бўлган ҳолда мавсум сўнггида жамоага қайтиб, машғулотларда ўзини кўрсатиш орқали асосий таркибдан жой олишини маълум қилди. Айнан шу сабабли, таркибга сўнгги паллада Акбар Саттаевни қўшиб олдик. Ушбу футболчини яхши биламан. Қолаверса, Саттаев чин дилдан “Навбаҳор”га ёрдам бериш ниятида эканлигини айтиб, бу борада қандай қийинчилик бўлмасин буларни барини енгиб ўтишга тайёр эканлигини билдирди. Ишонинг Акбар ўз соғлиғини хавф остига қўйиб бўлсада, мухлислар ишончини қозонишга ҳаракат қилишини маълум қилди”.
Шу билан биргаликда, Ашурматов жамоага тажрибали ҳужумчилардан бири Улуғбек Бақоевни ҳам қўшиб олиш режаси бўлганлигини ҳам билдирди: “Бақоев билан дўст бўлганлигим боис уни ҳам “Навбаҳор” сафига қўшишни истагандим. Шу мақсадда Улуғбекни ўзи билан ҳам гаплашдим. Лекин, Бақоев фаолиятини бошлаган “Бухоро” жамоасида давом эттиришга қарор қилганлигини айтди. Барчага маълумки, Улуғбек Бухоро футболи тарбияланувчиси саналади. Футболчи оила аъзоларига яқинроқ бўлиш ва маҳаллий мухлислар меҳрини қозониш учун айнан “Бухоро” вариантида тўхталганлигини маълум қилди”.
Бахтиёр Ашурматов ҳар доим мухлислар ишончи ва меҳрини қозонишни ўз олдига устивор вазифа қилиб белгилаганлигини ҳам маълум қилиб, қуйидагиларни гапириб ўтди: “Наманганга келишимга ва “Навбаҳор”да иш бошлашимга айнан Сиз каби фидоий мухлислар туртки бўлганлигини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман. Футбол ўйнаб юрган пайтимда ҳам мураббийлик соҳасига қадам қўйган дастлабки кезларда ва ҳозир ҳам асосий мақсадим доимо мухлислар меҳрини ва ишончини қозониш бўлиб келган. Бугунги кунда ҳам айнан шу мақсад йўлида фаолият олиб бормоқдаман. Ишонаманки, мавсум якунида барча ўйлаган режаларимизни амалга ошириб, ишқибозларимизни хурсанд қиламиз. Бунинг учун жамоада йиғилган барча футболчилар ва мураббийлар бор куч ва маҳоратларини ишга солишади”.
Шу билан биргаликда, учрашув давомида ёшлар таркибидан сўнгги пайтларда иқтидорли ёшларни етишиб чиқмаётганлиги ҳам эътироф этилиб, Ашурматовга Мадраҳимов бошчилигидаги жамоани ҳам доимий назоратда ушлаб туришни ва лозим бўлса мураббийни алмаштириш кераклиги борасидаги таклифларни билдиришди. Бунга жавобан Ашурматов ёшлар иштирокидаги барча ўйинларни ўйингоҳда бевосида кузатиши, агарда улар орасида асосий таркибга лойиқ ўйинчилар борлигини сезган тақдирда, бош жамоага таклиф этишини билдирди.
Ўз навбатида мухлислар Бахтиёр Ашурматовга узоқ йиллар давомида “Навбаҳор”да самарали тарзда фаолияти юритиб, жамоанинг кўплаб ютуқларига ҳисса қўшишига тилак билдиришди. Айрим ишқибозлар томонидан билдирилган салбий фикрларга эътибор қаратмай, камида Фергюссон ва Саркисянларнинг бир клубда ишлаш бўйича қайд этган рекордларини такрорлаш насиб этишини айтиб, мураббийга омад ва муваффақиятлар тилашди.
Учрашув давомида “Навбаҳор” футбол клуби вице президенти Расулжон Низамбаев ҳам сўз олиб, айрим масалаларга ойдинлик киритиб ўтди. Хусусан, янги йилдан жамоани ўз қароргоҳига эга бўлишини маълум қилди. Айнан шу мақсадда, “Навбаҳор” ўйингоҳи атрофида жойлашган “Спорт” меҳмонхонаси ҳамда захира ўйингоҳида шу кунларда катта таъмирлаш ишларини бошланишини эътироф этди. Спорт иншоотларини эса 2015 йилнинг 1 январида фойдаланишга топшириш режалаштирилганлигини билдирди. Шу билан биргаликда яқин вақт ичида ўйингоҳ атрофида “Навбаҳор” футбол клуби академиясини очиш режалаштирилганлигини ҳам мухлисларга айтиб ўтди. Айнан шу орқали, бугунги кунда бир қатор иқтидорли футболчиларни “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Насаф” ва “Машъал” каби клублар академиясига кетиб қолишига чек қўйилишини таъкидлади.
Дўстона руҳда ўтган учрашув чоғида мухлислар яна бир қатор масалалар бўйича раҳбариятга мурожаат қилиб, саволларига жавоб олишди. Бу пайтг келиб, “Навбаҳор” жамоаси навбатдаги машғулотни бошлашга улгурганлиги боис ишқибозлар машғулотни ҳам охиригача томоша қилиш имконига эга бўлишди.

 

Навбатдаги учрашув

Олий лига, 15- тур

25.06.2017


Ўтган ўйинлар

14/06 Сўғдиёна - Навбаҳор 2:1

27/05 Навбаҳор - Бунёдкор 1:1

18/05 Бухоро - Навбаҳор 3:3

12/05 Навбаҳор-Қўқон-1912 1:1

04/05 Навбаҳор-Локомотив 2:2

 

 

 

 

Турнир жадвали

№ Жамоа

Ў

Ю

О

1. Локомотив

13

10

32

2. Қўқон-1912

14

7

26

3. Насаф

13

7

23

4. Олмалиқ

14

6

23

5. Пахтакор

14

6

21

6. Бухоро

14

6

20

7. Машъал

14

5

19

8. Навбахор

14

4

19

9. Динамо

14

5

18

10. Металлург

13

5

17

11. Қизилқум

14

4

17

12. Сўғдиёна

14

5

17

13. Бунёдкор

13

3

15

14. Шўртан

14

5

15

15. Нефтчи

14

2

11

16. Обод

14

2

9

Олий лига-2017

25/06 "Қизилқум" "Шўртан"

25/06 "Насаф" - "Навбаҳор"

25/06 "Нефтчи" "Металлург"

25/06 "Обод" "Пахтакор"

25/06 "Олмалиқ" "Қўқон-1912"

25/06 "Сўғдиёна" "Бухоро"

26/06 "Бунёдкор" "Локомотив"

26/06 "Динамо" – "Машъал"

 

Мактублар почтаси

Мактублар почтасидан фойдаланиш учун сайтга киринг ёки регистрациядан ўтинг!

Авторизация

FAQ

ПАНЕЛЬ
ПАНЕЛЬ