pfcnavbahor.uz "Навбаҳор" профессионал футбол клубининг расмий сайти
Бобир Акбаров: “Навбаҳор”да ишонишмоқда ва уларнинг ишончини оқлайман”
31.07.2014 14:35

“Навбаҳор” давралар оралиғида таркибни кучайтиришда давом этмоқда. Яқинда жамоага “Бунёдкор”дан Бобир Акбаров қўшилди. Бахтиёр Ашурматов уни жуда яхши билади. Негаки, ўтган йили “Гулистон”да бирга фаолият олиб боришганди. Жорий мавсум бошида эса Бобирни “Бунёдкор” ўз сафига қўшиб олганди. Марказий ҳимоячига хос бўлган барча хусусиятлар ушбу футболчидан мужассам. Шу сабабли ҳам “қалдирғочлар”нинг собиқ мураббийи Миржалол Қосимов унга ишонч билдирган. Лекин, жароҳатлар ҳимоячига ўзини кўрсатиш имконини бермади. Натижада кўп вақтини захирада ўтказишга мажбур бўлди. Биринчи даврадан кейин эса Ашурматов собиқ шогирди билан ҳамкорликни яна давом эттирадиган бўлди. Айтиш мумкинки, Бобир Акбаровнинг қўшилиши “Навбаҳор”нинг мудофаа чизиғини бир мунча кучайтиради.
- “Навбаҳор”га мослашиш қандай кечмоқда?
- Ўтган йили Бахтиёр Ашурматов билан бирга ишлаганман. Шу сабабли бир-биримизни яхши биламиз. “Бунёдкор”да захирада ўтиргандан кўра, бошқа жамоада ўйнаганим яхшироқ. Шунинг учун Ашурматов қўли остида тўп суришга қарор қилдим. Бу ерда худди олдинги танишлардек илиқ кутиб олишди. Жамоада илгари бирга тўп сурган дўстларим ҳам бор ва кўпчилик билан яхши танишман. Шу сабабли янги клубга мослашишимда қийинчиликларни кўрмаяпман.
- Демак, жамоада ўзингизни яхши ҳис қиляпсиз-а?
- Албатта, ҳаммаси жойида. Машғулот ва ўйинларда ҳам бир-биримизни яхши тушуниб ўйнаяпмиз.
- “Бунёдкор”да захирада қолиб кетишингизни нима билан боғлаган бўлардингиз?
- “Бунёдкор”да кўпроқ захирада қолганимнинг сабаби шуки, чемпионат бошида жароҳат олдим. Ушбу жароҳатдан қутулиш бир мунча қийин кечди. Кейин даволандим, умид қиламанки, иккинчи даврага тайёр ҳолатда бўламан.
- “Бунёдкор” билан мавсум бошидаги дебютингиз ёмон чиқмаганди. Чемпионлар лигасида ҳам тўп сургандингиз...
- Ҳа, тўғри. Жароҳатим борлигига қарамай ўзимни кўрсатиш учун астойдил ҳаракат қилдим. Аммо, жароҳатим жиддий бўлиб чиқди. Бу эса етарлича ўйин амалиётига эга бўла олмаслигимга олиб келди.
- Умуман олганда, “Бунёдкор”даги ярим мавсум Сиз учун қандай ўтди? Яъни биринчи давра нимаси билан ёдда қоларли бўлди?
- Бу жамоа билан Осиё Чемпионлар лигасида ўйнашга муваффақ бўлдим. Таркибдаги кўплаб ўйинчилар терма жамоада ҳам тўп суришади. Уларнинг қандай тайёргарликка эга бўлишларини кўрдим ва ўзим учун илиқ таассуротлар олдим. Афсуски, жароҳат туфайли захирада ўтириб қолдим.
- Жароҳатни қачон ва қаерда орттириб олгандингиз?
- Дастлаб Туркиянинг Анталия шаҳридаги ўқув-машғулот йиғини пайтида бошланди. Шундан кейин ижобий томонга ўзгариш сезилганди. Бироқ, чемпионатдаги айрим ўйинлардан кейин жароҳат яна безовта қила бошлади. Текширувлар натижасида вазиятни жиддий эканлиги ойдинлашди.
- Ҳозир-чи? Жароҳатингиз билан боғлиқ муаммо йўқми?
- Биринчи даврадан сўнг яна шифокорларга кўрсатдим. Кўз тегмасин ҳозир анча яхши. Иккинчи даврани жароҳатимдан фориғ бўлган ҳолда бошлашга умид қилиб турибман.
- “Бунёдкор”да тўп суриш ҳар бир ўзбекистонлик футболчининг орзусидир. Сиз эса ярим йил ушбу жамоа сафида бўлиб унинг ҳаёти билан яқиндан танишдингиз ва аъзоси сифатида яшадингиз. Айтингчи, қандай таассуротлар қолди?
- Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, кўпчилик “Бунёдкор”да ўйнашга ҳавас қилади. Бу борада омад менга кулиб боқди ва ярим бўлса-да, “қалдирғочлар” сафида ўйнадим. Жамоадан бутунлай кетганим йўқ. “Навбаҳор” сафига ижара асосида қўшилдим. Бор кучимни ишга солиб наманганликларнинг ғалабаларига ҳиссамни қўшмоқчиман. Насиб қилса, кейинги йили яна “Бунёдкор”га қайтаман. Вақти келиб, албатта ушбу жамоада ўз ўрнимни эгаллайман деб умид қиламан. Ҳар ҳолда “Бунёдкор”га ҳар кимни ҳам таклиф қилаверишмайди.
- “Бунёдкор” либосида майдонга тушгач ўзингизга бўлган ишонч ва тажрибангизни ҳам бир мунча ошганлиги сезилиб турибди.
- Тўғри. Бу жамоага ўртамиёна футболчилар таклиф қилинмайди. “Бунёдкор”га ўтганимдан кейин ўзимга бўлган ишонч ортди ва ўз устимда янада кўпроқ ишлашни бошладим. Бундан кейин ҳам меҳнат қилишда давом этаман. Миллий терма жамоа сафида ўйнашга ҳам ҳаракат қиламан.
- “Навбаҳор”да янги ҳаётингиз бошланиш арафасида. Шундай экан, олдингизга қандай вазифалар қўймоқдасиз?
- “Навбаҳор”да шунчалик ишонч билдиришаётгани учун раҳмат айтаман. Мавсум охирига қадар қўлимдан келганича ўзимни кўрсатиб ишончни оқлаш учун бор маҳоратимни ишга соламан. “Навбаҳор” олдига қўйилган вазифани шараф билан бажариш учун астойдил курашамиз.
- Фаолиятингизда Ашурматов қанчалик аҳамиятга эга?
- Олдин ўйнаган жамоаларимда ҳеч қайси мураббий бунчалик ўзимни кўрсатишим учун имконият яратиб бермаган. Негадир кам ишонишарди. Катта футболга кириб келишимда Бахтиёр ака Ашурматовнинг ҳиссаси жуда катта. Бунинг учун у кишидан миннатдорман.
- Дарҳақиқат авваллари “Андижон” ва “Насаф”да ҳам бўлгансиз. Аммо, асосий таркибга кира олмагансиз. Сизга яна нима тўсқинлик қиларди?
- Балки ёш бўлганим учун бўлса керак, унчалик ишонишмаган. Балки ўзимни кўрсата олмагандирман. Ҳар қандай мураббийнинг ўзига хос жиҳатлари бўлади. Ёки уларнинг ўйин услубига мос тушмагандирман. Ўтган йили “Гулистон”да Ашурматов ҳар бир ўйинда асосий таркибда майдонга туширди. Мураббийнинг ишончини оқлаганман деб умид қиламан.
- “Навбаҳор” таркиби Сиз каби янги ўйинчилар орқали янада кучайтириляпти. Маҳаллий мухлислар эса ниҳоятда талабчан. Бундай вазиятда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Жамоамиз чиндан ҳам кучайиб бормоқда. “Локомотив”дан Дилшод Жабборовни келгани ҳам яхши бўлди. Украиналик легионерлар ҳам кўрикдан ўтишмоқда. Иккинчи даврада мухлисларда илиқ таассурот қолдиришга ҳаракат қиламиз. Ҳар биримиз қўлимиздан келганича ишончни оқлаш учун курашамиз.
- “Навбаҳор”да энг яқин дўстингиз ким?
- Жамоада ҳамма билан яқин дўстман десам бўлади. Юқорида айтганимдек, деярли барчани танийман. Бирор-бир ўйинчини алоҳида кўрсатишим ноўрин бўлса керак. Муҳими, барчамиз ака-укадек муносабатдамиз.
- Бош мураббийнинг қайси фазилатларини алоҳида айтган бўлардингиз?
- Бахтиёр Ашурматовни футболчилик пайтидан бери яхши биламан. Ўз олдига мақсад қўйса унга етишмагунча қўймасди. Мураббийлик соҳасида ҳам мақсад сари охиригача курашади ва бизга бу борада ёрдам беради деб ўйлайман.
- “Навбаҳор”нинг асосий таркибидан жой олишингизга қанчалик ишонасиз?
- Қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Ўйлайманки, бу борада жамоадошларим менга ёрдам беришади.
Маълумот учун
Бобир Акбаров
Туғилган санаси: 14.02.1989.
Туғилган жойи: Андижон вилояти.
Амплуаси: Ҳимоячи.
Бўйи: 186 см.
Вазни: 84 кг.
Ўйнаган жамоалари:
«Андижон» (Андижон) – 2008-2010 йиллар.
«Насаф» (Қарши) – 2011 йил.
«Гулистон» (Гулистон) – 2012-2013 йиллар.
«Бунёдкор» (Тошкент) – 2014 йил (1-давра).

Манба: pfcnavbahor.uz.

 

Навбатдаги учрашув

Олий лига, 18- тур

19.08.2017


Ўтган ўйинлар

12/08 Навбаҳор - Қизилқум 3:2

05/08 Обод - Навбаҳор 0:2

25/06 Насаф - Навбаҳор - 4:0

20/06 Навбаҳор - Олмалиқ 1:1

14/06 Сўғдиёна - Навбаҳор 2:1

 

Турнир жадвали

№ Жамоа

Ў

Ю

О

1. Локомотив

17

12

39

2. Қўқон-1912

17

8

30

3. Насаф

17

9

29

4. Пахтакор

17

8

28

5. Бухоро

17

8

27

6. Бунёдкор

17

6

25

7. Навбахор

17

6

25

8. Олмалиқ

17

6

25

9. Машъал

17

6

24

10. Металлург

17

7

23

11. Қизилқум

17

5

21

12. Динамо

17

5

19

13. Шўртан

17

8

19

14. Сўғдиёна

17

5

18

15. Нефтчи

17

2

12

16. Обод

17

2

9


 

Олий лига-2017

18/08 "Металлург"-"Локомотив"

18/08 "Насаф" - "Бунёдкор"

18/08 "Динамо" - "Пахтакор"

19/08 "Нефтчи" - "Навбаҳор"

19/08 "Қизилқум"-"Қўқон-1912"

19/08 "Машъал" - "Шўртан"

19/08 "Олмалиқ" - "Сўғдиёна"

19/08 "Обод" - "Бухоро"

Мактублар почтаси

Мактублар почтасидан фойдаланиш учун сайтга киринг ёки регистрациядан ўтинг!

Авторизация

FAQ

ПАНЕЛЬ
ПАНЕЛЬ