pfcnavbahor.uz "Навбаҳор" профессионал футбол клубининг расмий сайти
Акрам Баҳриддинов: «Ҳозирги коллективимиз Ўзбекистонда ягона»
10.05.2013 19:40

Гарчи "Навбаҳор" бу йилги мавсумни омадсиз бошлаган бўлсада, жамоа тезда ўзини ўнглаб олишга муваффақ бўлди. Сўнгги тўртта тур давомида мағлубият нималигини билмай келаётган Мустафо Байрамов шогирдлари ғалабали серияларини Олмалиқда ҳам давом эттиришди. "Лочинлар"нинг сафардаги ғалабасига иқтидорли ярим ҳимоячи Акрам Баҳриддинов муносиб ҳисса қўшди. Дилидаги хиссиётлари билан ўртоқлашиши ва қизиқтирган саволларимизга жавоб топиш мақсадида футболчини суҳбатга тортдик.

- Аввало, сафарда "Олмалиқ" устидан қозонилган ғалаба билан табриклайман.

- Раҳмат.

- Ушбу учрашувдан олган таасуротларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Ўйин жуда қийин кечди. Беллашув бошида тезкор гол ўтказиб юборганимиз вазифамизни бироз қийинлаштириб қўйди. Шунга қарамай, жамодошларим билан бир бўлиб, мазмунли ўйин намойиш этишга ҳаракат қилдик. Жамоамиз ўз иродасини кўрсатишга эришди. Бир жамоа бўлиб тўп сурдик ва натижада ғалаба нашидасини сурдик. Учрашув умуман олганда жуда қизиқарли руҳда ўтди.

- Игорь Шквирин шогирдлари "Бунёдкор"ни ўз майдонларида енгишгани футболчиларга ўйиндан олдин таъсир ўтказмадими?

- Буни аҳамияти бўлмади. Боиси Олмалиқ шаҳрига фақатгина ғалаба учун боргандик. Ўзингизга маълум айни пайтда "Навбаҳор" жуда яхши жисмоний формада ва кайфиятимиз ҳам шунга яраша аъло даражада, кетма-кет ютуқларни қўлга киритиб келяпмиз. Майдонга нима қилиб бўлса ҳам уч очко билан уйга қайтиш ниятида тушгандик. Ўйиндан олдин ҳатто дуранг ўйнаш ҳам ҳаёлимизга келмаганди. Рақиб "Бунёдкор"ни мағлуб этган бўлса нима бўпти? "Олмалиқ"даги футболчилар ҳам худди биз каби инсон. Жамоа етакчилари, хусусан Абдумажид Тоиров барчамизни ғалаба сари руҳлантиришди. Шунга яраша ҳаракат қилдик. Худога шукрки кўзлаган мақсадимизга эришдик.

- Ҳисобда ортда бораётиб икки маротаба вазиятни тенгладингиз. "Гулистон" билан кечган баҳсда ҳам ҳисобни очдингиз, икки ўйинда учта гол. Бу ёш ўйинчини кейинчалик "юлдузлик касали"га дучор қилмайдими?

- "Юлдузлик касали"га учраш ёки учрамаслик одамни ўзига боғлиқ. Фаолиятим эндигина бошланяпти. Ҳали барчаси олдинда, бу билан тўхтаб қолиш керак эмас. Аксинча, ўз устимда ишлаб янада мукаммалликка интилиб ўйинимни кучайтиришим зарур. Жонажон жамоамда, ўз шаҳрим шарафини ҳимоя қилаётганимдан  фахрланаман. Ўйлайманки, бундай касалликка дучор бўлмайман.

- Кўриниб турибдики, футболчиларнинг кайфияти ва жамоадаги ички муҳит аъло даражада. Ушбу ҳолатда "Бунёдкор"ни енгиш имконияти қандай?

- Айни пайтда ғалаба руҳи жўш уриб турибди. "Навбаҳор" ҳозирда "Локомотив"ни ҳам енгишга қодир. "Бунёдкор"ни ҳам Худо хоҳласа мағлуб этишга ҳаракат қиламиз. Албатта фақатгина ғалаба учун курашамиз. Очко бизга жуда муҳим. Боз устига ўз майдонимизда тўп сурамиз. Демак, "қалдирғоч-лар"ни таслим этиш борасидаги имкониятларимиз яхши.

- Узоқ масофалардан амалга оширган зарбаларингиз чиройли бўлиш билан бирга аниқ кўриниш олиб тўрдан жой оляпти. Машғулотларда бунга алоҳида эътибор қаратасизми?

- Албатта. Бунинг сири одиий. Машғулотларда Денис Романенко дарвозасига кўпроқ зарба йўллаб, ўз устимда ишлайман. Қолаверса, машғулотлардан сўнг ҳам бу жараённи давом эттираман. Яъни майдонда қолиб, махоратимни янада мукаммаллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқдаман.

- Мавсумнинг бошланиши "Навбаҳор"га омадсиз келди. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

- Бунинг сабаби биринчидан ўша дастлабки учта беллашувларда омадни юз ўгирганида деб биламан. Иккинчидан дастлабки ютуқни қўлга киритмаганимиз учун ўз кучимизга ишонч ҳосил қилолмадик. "Насаф" билан баҳсда ҳам имкониятни бой бериб қўйгандик. Бунга эса "Пахтакор" ва "Сўғдиёна" клубларига қарши ўйинлардаги мағлубият салбий таъсир ўтказди деб ўйлайман.

- Усмон Асқаралиевни мураббийлар штабида йўқлиги таъсир ўтказмаяптими?

- Ҳар қандай футболчи мураббий ким бўлишидан қатъий назар имконияти даражасида тўп суриб, олдига қўйилган вазифани бажариши лозим. Шу сабабли кимни мураббийлик қилишини аҳамияти йўқ деб ҳисоблайман. Футболчи жамоага келгач мураббий танламайди. Барча жамоадошларим билан бирга иложи борича мураббийни обрўсини кўтаришга ҳаракат қиламиз. Усмон Аҳмедович яхши инсон. Шунчаки учта ўйинда омадимиз келмади деб ўйлайман.

- "Насаф" билан ўйиндан сўнг "Навбаҳор" ўйини тубдан ўзгариб кетди. Ниманинг ҳисобига "лочинлар" ижобий натижалар қайд этишяпти?

- Барчамиз бир бўлиб, жонландик. Агарда "Локомотив"дан очко тортиб олмаганимизда, ҳозирги ҳолат қандай бўлишини айтиб бера олмасдим. Барчаси "темирйўлчилар"га қарши кечган ўйиндан бошланди. Чунки "Локомотив" бугунги кунда мамлакатнинг энг кучли жамоаларидан бири бўлиб турибди. Мусобақа жадвалида ҳам пешқадамлик қилмоқда. Ҳаким Фузайлов жамоасидан фақатгина биз очко тортиб олдик, холос. Учта ўйиндан сўнг обрўимиз ҳам тушиб кетганди. Наманганлик мухлислардан "ютқазиб юришибдику, улар билан ишимиз йўқ" қабилидаги сўзларни эшитишни истамадик ва "Локомотив"га қарши жонимизни бериб ўйнадик. Бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилаётганимиз ўз самарасини бермоқда. Айни дамдаги аҳил жамоамизга кўз тегмасин. Аҳиллик борасида ҳозирда Ўзбекистондаги ягона жамоа айнан "Навбаҳор" бўлса керак. Мағлубиятга учраб турган паллаларда ҳам йигитлар олдинга интилиб, ғалаба қозонишга урунишади. Жамоадошларимнинг барчасида ўзига ишонч бор. Машғулотларда ҳам астойдил меҳнат қилиб, мухлисларимизни ёрқин ўйинларимиз билан хушнуд этишни мақсад қилганмиз. Ўйлайманки, шу туфайли ижобий натижаларни қайд этиб келмоқдамиз.

- Ютуқларда Мустафо Байрамовнинг хиссаси қанчалик бўляпти?

- Мустафо Жиферович ажойиб мутахассис. Негаки у спортчини руҳини кўтаришни жуда яхши билади. Мисол учун ўйиндан олдин "сен шунга қодирсан" деб бир киши гапирса, шу ишни амалга оширишга интилар экансиз. Устозимиз "сен ундан зўрсан" деб кишини кайфиятини, ўз ишига бўлган иштиёқини оширишни яхши билади. Футболчиларга ҳам ҳеч қандай ёмонлиги йўқ, машғулотларда ҳам кулишиб, яхши шуғуллантиради. Табиийки, жамоани ҳам кайфияти аъло даражага кўтарилади. Мустафо Байрамов қаттиққўлликни ҳам  хаддан ташқари ошириб юбормайди. Ўзлари ҳам футболчи бўлганликлари учун шогирдларини тушунадилар. Бундай мураббий қўл остида тўп сураётганимиз ҳам "Навбаҳор"-га ёрдам берди деб ўйлайман. Келгусида ҳам мураббий ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

- Ўйинингиз очилиб боряпти. Хабаримиз борки, "Пахтакор" аъзоси сифатида наманганликлар таркибида ижара асосида тўп суряпсиз. Мухлислар суюклисига айланиб қолганингиз ҳам сир эмас. Кейинчалик ҳам фаолиятингизни Наманганда давом эттиришни истармидингиз?

- Иложи бўлса Наманганда қолиб, фаолиятимни шу ерда давом эттирсам деган ниятдаман. Мухлислар олдида юзимизни ёруғ қилиб, жамоа шарафини ҳимоя қилишни хоҳлайман. "Пахтакор" билан ўртадаги шартномага тўхталадиган бўлсам, пойтахтликлар билан ўзаро келишувимиз 2016 йилгача амал қилади. "Пахтакор" мураббийлари ўтган йили таркибга жалб этишганди. Лекин, иккинчи даврада "Навбаҳор"да фаолият олиб борганим туфайли бу ерда қолишни ўзим истадим.

- "Навбаҳор" таркибида майдонга тушаётган энг ёш ўйинчисиз. Ёши каттароқ жамоадошларингиз Сизга маслаҳатлар беришадими?

- Бўлмасамчи?! Жуда ҳам кўп маслаҳатлар бериб туришади. Айниқса Абдумажид Тоиров, /айрат Жўраев, Рўзимбой Аҳмедовлар керакли кўрсатмаларни бериб туришади. Барибир барча хато қилади. Шундай пайтларда "майли, ҳечқиси йўқ, ёшсан. Бунақаси ҳам бўлиб туради" деб ўгитлар бериб туришади. Ҳар бир ўйиндан кейин ҳам ўз устимда ишлашим кераклигини уқтириб туришади. Мисол учун бирор-бир ўйинда чарчаб қолсам, ёки кўпроқ ишлаб юборсам қимматли маслаҳатларини аяшмайди. Кўпроқ Абдумажид Тоиров кўсатмалар бериб турадилар. Балки ёшлигимгадир, лекин уларга қарши чиқолмайман ва сабоқни тўғри қабул қиламан. Нима бўлганда ҳам уларни тажрибаси менга нисбатан кўпроқ.

- "Навбаҳор"ни "юраги" деб кимни кўрсатган бўлардингиз?

- Юқорида айтиб ўтган футболчилар: Абдумажид Тоиров, /айрат Жўраев, Рўзим Аҳмедов, Денис Романенколарга шундай таъриф берса бўлади.

- Бу йилги мавсум хақида қандай фикрдасиз?

- Ўзингизга маълум, бу йилги чемпионатни омадсиз бошладик. Аммо, кўз тегмасин, мана тўрт учрашувдан буён мағлубият нималигини билмай келяпмиз. Назаримда бу йилги "Навбаҳор"нинг савияси ўтган йилги жамоага қараганда анча ошган. Клубнинг янги раҳбарияти ҳам олдинги мавсумдагиси билан солиштирганда анча самарали иш юритмоқда. Барча шароитлар футболчилар учун яратиб бериляпти.

- Сизнингча бу йил чемпион бўлишга қайси жамоанинг имкониятлари кўпроқ?

- "Локомотив" ва "Бунёдкор" чемпионлик учун асосий даъвогар бўлса керак. Уларда бунинг учун имкониятлар кўпроқ. "Пахтакор" эса бир текис ўйин кўрсата олмаяпти.

- Ҳар ой ойнинг энг яхши мураббий ва футболчиларини аниқлаб келинаётганидан хабарингиз бўлса керак. Март ойида Миржалол Қосимов ва Фарҳод Тожиевлар ўз номинацияларида ғолиб бўлишди. Апрель ойида Сизнингча кимлар кучли бўлишди?

- Мураббийлар орасида Мустафо Байрамовни тавсия қилган бўлардим. Футболчилардан билмадим...

- Шу ўринда мухлисларимизга футболга кириб келганингиз хусусида ҳам гапириб берсангиз.

- Миллионлар ўйинига саккиз ёшимдан бошлаб меҳр қўйганман. Дадам биринчи мураббийим "Навбаҳор" ёшларига устозлик қилган Александр Лян олдига олиб борганлар. Шундан сўнг футболга қизиқишим янада ортганидан ҳатто мактабга ҳар боргим келмасди. Шу сабабдан ёшлигимдан фақат футбол хақида ўйлайдиган бўлиб қолганман.

- "Пахтакор"га қандай бориб қолгансиз?

- Тошкентда 2006 йили ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилганди. Мусобақада "Навбаҳор-Умид" футбол мактаби жамоаси сафида қатнашдим. Ҳаракатларим туфайли мутахассислар эътиборига тушдим. Жамоамиз эса фахрли иккинчи ўринни эгаллаган. Финалда "Пахаткор"га имкониятни бой бериб қўйгандик. Шундан сўнг Самвел Бабаяннинг ўзи келиб, тошкентликлар сафига ўтишни таклиф қилган. У пайтда ёш бола бўлганим учун мураббий ва ота-онамдан сўрашим кераклигини айтгандим. Мураббий ва ота-онам қаршилик билдиришмагач ва шу йилнинг ўзида "Пахтакор" академиясига қабул қилинганман.

- Футболчи бўлишингизда демак отангизни ўрни катта бўлган. Спортчи бўлишингизга тўсқинлик қилганлар ҳам бўлганми?

- Аввалига ойим футболчи бўлишимга қаршилик кўрсатдилар. Аммо, кейинчалик Тошкентга кетганимдан сўнг уларда менга нисбатан ишонч пайдо бўлди. Футболчи бўлишимга ишонч ҳосил қилганлар.

- Футболчи бўлмаганингизда қайси касбни танлардингиз?

- Бошқа касбда ўзимни асло тасаввур қилолмайман.

- Қайси жамоаларга мухлислик қиласиз ва севимли ўйинчингиз ким?

- Испаниянинг "Барселона" клубига мухлислик қиламан. Футболчилардан эса Андрес Иньестани ўйинларини завқ олиб кузатаман. Ушбу ўйинчининг ўйини менга жуда манзур бўлади.

- "Барса"ни Европа Чемпионлар лигаси финалига чиқа олмаганидан хафа бўлгандирсиз?

- Ҳа, каталонияликларни "Бавария" тўсиғидан ўта олишмаганидан бироз хафа бўлдим. Жамодошларим ҳам ҳазил тариқасида мени бу билан "табриклашди". Шу жумладан, "Милан"га ишқибозлик қиладиган Тимур Султонов ҳам. "Барса" италияликларни жавоб ўйинида 4:0 ҳисобида енгганидан сўнг уни ҳам энди хумори чиқди. "Реал" тарафдорларидан биринчи навбатда Азимжон Аҳмедов ҳам илиқ сўзлар билан муборакбод этди (кулади). "Бавария"га мухлислик қиладиганлар орасидан "Навбаҳор"да Собир Ҳамидов бор.

- Футболдан ташқари бўш вақтингизда нималар билан шуғулланасиз?

- Бўш вақтларимда асосан ўртоқларим билан кўришиб, улар билан чойхонада мулоқот қуришни хуш кўраман. Шунингдек катта теннис ўйнашни ҳам ёқтираман.

- Келажакдаги орзуларингиз қандай?

- Энг аввало келажакда яхши футболчи бўлиб етишиш, миллий терма жамоамиз сафида юртимиз шаънини ҳимоя қилмоқчиман. Ўзбекистон байроғини жаҳон чемпионатларида бутун дунёга танитишни орзу қиламан.

Жавлон Маҳмудов суҳбатлашди.

Манба: “Аср футболи” газетаси.

 

Навбатдаги учрашув

Олий лига, 18- тур

19.08.2017


Ўтган ўйинлар

12/08 Навбаҳор - Қизилқум 3:2

05/08 Обод - Навбаҳор 0:2

25/06 Насаф - Навбаҳор - 4:0

20/06 Навбаҳор - Олмалиқ 1:1

14/06 Сўғдиёна - Навбаҳор 2:1

 

Турнир жадвали

№ Жамоа

Ў

Ю

О

1. Локомотив

17

12

39

2. Қўқон-1912

17

8

30

3. Насаф

17

9

29

4. Пахтакор

17

8

28

5. Бухоро

17

8

27

6. Бунёдкор

17

6

25

7. Навбахор

17

6

25

8. Олмалиқ

17

6

25

9. Машъал

17

6

24

10. Металлург

17

7

23

11. Қизилқум

17

5

21

12. Динамо

17

5

19

13. Шўртан

17

8

19

14. Сўғдиёна

17

5

18

15. Нефтчи

17

2

12

16. Обод

17

2

9


 

Олий лига-2017

18/08 "Металлург"-"Локомотив"

18/08 "Насаф" - "Бунёдкор"

18/08 "Динамо" - "Пахтакор"

19/08 "Нефтчи" - "Навбаҳор"

19/08 "Қизилқум"-"Қўқон-1912"

19/08 "Машъал" - "Шўртан"

19/08 "Олмалиқ" - "Сўғдиёна"

19/08 "Обод" - "Бухоро"

Мактублар почтаси

Мактублар почтасидан фойдаланиш учун сайтга киринг ёки регистрациядан ўтинг!

Авторизация

FAQ

ПАНЕЛЬ
ПАНЕЛЬ