pfcnavbahor.uz "Навбаҳор" профессионал футбол клубининг расмий сайти
Клуб, Жамоа, Мухлис
20.02.2013 00:00

Авваллари жаҳон футболида «тандем» ибораси тез-тез тилга олинарди. Собиқ иттифоқ даврида айниқса «Пахтакор» ҳужумчилари Генадий Красницкий – Станислав Стадник, Киевнинг «Динамо» жамоаси футболчилари Валерий Лобановский ва Олег Базилевичлар тандемидан бошқа жамоаларининг ҳимоячилари ҳайиқишарди. Тандемни жамоадошларни бир қарашда бир-бирларининг мақсадини нигоҳлар орқали англаб олиш десак ҳам бўлади. Ушбу мақолада клуб–жамоа–мухлис тандеми тўғрисида тўхталишни лозим топдик.

Маркетинг хизмати нима?

Ҳаваскорлар футболидан фарқли ўлароқ профессионал футболни клуб бошқаради. Демак жамоанинг энг катта муаммосидан тортиб майда икир-чикирларигача клуб раҳбариятини жавоб бериши талаб этилади. Жамоанинг молиявий аҳволи, футболчи билан клуб ўртасидаги шартнома имзолаш, бош мураббийнинг таклифи билан шартнома муддатини узайтириш ёки тўхтатиш, футболчининг бошқа жамоага йўл олишига рухсат бериш, ўрнига янги ўйинчини таклиф этиш ҳам клубнинг вазифасига киради. Аслида бизда ҳам шундай бўлиши талаб этилади. Аммо, кўплаб клубларимиз («Бунёдкор», «Пахтакор», «Насаф» каби клубларни ҳисобга олмаганда) ўзларига юклатилган вазифани тўлақонли амалга оширолмайдилар.

Мисол учун «Навбаҳор» футбол клубини олиб кўрадиган бўлсак, жамоанинг нурсиз ўйин кўрсатиши, мураббийларнинг кетма-кет алмаштирилишида ҳам бош айбдор сифатида клубни кўрсатиш мумкин. Агарда клуб маъмурияти вилоят футбол федерацияси, маданият ва спорт ишлари бошқармаси раҳбарияти билан кенгашган ҳолда жамоани тажрибали мураббийга топширса, вақти-вақти билан ундан амалга оширилган ишлар, тайёргарлик ва машғулот жараёнининг бориши ҳақида ҳисобот талаб қилинса клубнинг ҳам, бош мураббийнинг ҳам меҳнатлари самараси яққол кўзга ташланиши мумкин. Шуни ҳам унутмаслик лозимки, профессионал футбол клублари хўжалик ҳисобида ишлайди. Демак жамоани маблағ билан таъминлаш ҳам клубнинг зиммасида. Хорижий футбол клубларида бу иш тўғри йўлга қўйилган. Бизда эса бошқачароқ. Ҳокимлик томонидан ҳомийлар тайинланиб, клуб ҳисоб-рақамига маблағ тушганидан сўнггина енг шимариб ишга киришилади. Буни қарангки, ҳомийлар томонидан берилган маблағнинг ёнига ўзлари турли йўллар билан (албатта қонун доирасида) пул топиб, молиявий имкониятни яхшилашни унутиб қўйишади. Аслида бу клубнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Аксинча не машаққатлар билан топилган маблағ ишлатиб бўлингач қўлларини кўксиларига қўйиб ҳокимликка мурожаат қилишади.

«Навбаҳор» футбол клубида маркетинг хизмати яхши йўлга қўйилмаган. Раҳбарият клуб ҳисоб-рақамига тушган маблағнинг бир қисмига турли атрибуткалар, болалар спорт кийимлари келтириб сотувини йўлга қўйишса, жамоанинг расмий учрашувлари кунларида киядиган футболкаси рангидаги кийимларнинг арзонини шу ерда ишлаб чиқариб, мухлислар ҳукмига ҳавола этса, улар ҳам сотиб олишса керак. Яқинда кўчада кетаётган бир ўсмирнинг спорт кийимига кўзим тушиб қолди. Унга «Барселона» жамоасининг номи ёзилганди. Йигитчадан «нима учун «Навбаҳор» номи битилган спорт кийимини киймайсиз?», дея сўрадим. У дарҳол «қани ўшанақаси?», деб саволимга савол билан жавоб берди. Бу ҳақиқатан тўғри. Клуб раҳбарияти жамоа рекламаси билан шуғулланмаса уни ким амалга оширади? Аксинча ана шундай спорт кийимларини шу ерда тиктириб, унинг савдоси билан ўзлари шуғулланишса бу ҳам клуб учун ёрдам-ку.
Бундан икки йил муқаддам оммавий ахборот воситаларида Мадриднинг «Реал» клуби бир йилда турли фирмалар маҳсулотининг рекламасидан 25 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ишлаб топгани ҳақида ёзилганди. Нима бу ишни бизда йўлга қўйиш мумкин эмас? Наманган вилоятида ишлаб турган қўшма корхоналар, маҳаллий фирмалар билан клубнинг маркетинг хизмати алоқа боғласа, «Навбаҳор» ҳам «Водий ипаги», «Миришкор» МЧЖ, «Нестле», «Чашмаи сафед» каби корхоналар ёки уларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар номи ёзилган футболкаларда майдонга тушиб, 25 млн. доллар эмас 25 миллион сўм топишса ҳам нур устига аъло нур бўлар эди. Бунинг учун изланиш, елиб-югуриб ишлаш талаб эталади. Халқимизда «чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин» деган нақл бор. Бунга амалга қиладиган бўлсак профессионал футбол клубидаги лавозимнинг аксариятида спортни тушунадиган ёки собиқ футболчилар ишлашлари мақсадга мувофиқдир. Узоқ йиллик кузатишлардан маълумки «Навбаҳор» клубини ўз касбининг усталари кам ҳолларда бошқарган. Клубнинг ҳозирги раҳбариятига давойимиз бўлмагани ҳолда, собиқ футболчи, мамлакат чемпиони, ҳозирда тадбиркорлик билан шуғулланётган Зафар Мусабоевни ҳам клуб раҳбарияти таркибига киритилса фойдадан ҳоли бўлмаслигини эътироф этган бўлардик.

Таркибни тўғри танлаш лозим

Ҳар мавсум бошида таркибни тўғри танлаш «Навбаҳор» каби кўплаб жамоаларнинг азалий муаммоси ҳисобланади. Бош мураббий мавсумга тайёргарлик давомида ўйинни кўчайтира оладиган футболчини жамоага таклиф этади. Ундан самарали фойдаланишни эса кейинчалик унутиб қўйишади. Мавсумлар давомида бундай ҳолатни Наманган футболи мисолида ҳам кўп бора кузатганмиз. Бу ҳақда газета саҳифаларида мақолалар чоп этилгани сабабли ортиқча тўхталмаймиз. Фақатгина бир ҳолатни мухлислар ҳукмига ҳавола этамиз. Бундан тўрт-беш йил муқаддам «Навбаҳор» дарвозасини Сергей Захарецкий қўриқлаганди. У бир учрашувни кўнгилдагидек ўтказса кейинги иккитасида жамоанинг мағлубияти тайин эди. Футбол муҳокамасига бағишланган бир йиғилишда Захарецкий ҳақидаги танқидий фикрларимни ўртага ташладим. Шунда клублар раҳбарларидан бири «бош мураббийга шу дарвозабон ёқса нима қилайлик» деган жавобни айтди. Унинг «ёқиши» сабаблари эса ўша пайтдаги клуб раҳбариятининг виждонига ҳавола. Ўша йиллари мухлисларни ачинтирган нарса шу эдики, Захарецкий асосий таркибда майдонга туширилиб, маҳорат бобида ундан устунроқ бўлган Мурод Зуҳуров захира ўриндиғида қолиб кетарди. Шундан сўнг Зуҳуровни «Бунёдкор» ўз таркибига қўшиб олди. Дарвозабон ўша йилиёқ мамлакат терма жамоасига таклиф этилди. Агарда Захарецкий Муроддан устун бўлганида уни ҳам термага чақиришарди-ку? «Насаф»нинг ОФК кубогидаги зафарли юришларида Мурод Зуҳуровнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Яна бир муаммо: «Навбаҳор» раҳбарияти ҳар мавсумда таркибга янги футболчиларни таклиф этишни ёқтиришади. Энг асосийси эса ўша ўйинчилар билан бир йиллик шартнома имзоланади. Ҳатто олти ой муддатга тузилган битимлар ҳам учраб туради. Бундай усул клуб учун иқтисодий зарарку. Бир мавсум учун шартнома тузган футболчига клуб ҳисобидан кўтарма пули тўланади. Агарда янги мавсумга тайёргарлик жараёнида саккиз нафар спортчи билан шартнома имзоланса бу ўз-ўзидан клубнинг молиявий аҳволига жиддий таъсир кўрсатиши сир эмас. Нима учун клуб мутасаддилари бу ҳақда бош қотиришмайди. Ўша янги келган ўйинчилар билан уч ёки беш йиллик шартнома имзоланса, кейинги йилларда тўланадиган кўтарма пуллари жамоанинг бошқа мақсадлари учун сарфланса яхши эмасми? Бу борада «Нефтчи» жамоасининг кўп йиллик тажрибасидан ўрнак олсак яхши бўларди. Юрий Саркисян «Нефтчи» таркибида ҳеч қачон бир йиллик футболчини ушлаб турганини эслолмаймиз. Бизнингча фарғоналикларнинг устунлиги ҳам ана шунда.

Мухлиснинг ҳуқуқи ва бурчи

Маълумки, футбол мухлис учун деган ибора бор. Бу ҳақиқатан ҳам тўғри. Икки жамоа майдонда жонини жабборга бериб тўп сурса-ю, уни олқишлайдиган, руҳлантирадиган мухлис бўлмаса бу ҳам яхши эмас. Шу нуқтаи-назардан ҳозирги ўйингоҳларда ишқибозлар учун барча шароитлар муҳайё қилинмоқда. «Навбаҳор» ўйингоҳи мукаммал реконструкциядан чиққач қўшимча бошқа имкониятларга ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Хўш мухлис учун барча имкониятлар муҳайё этиляпти, бунга ишқибозлар қандай жавоб қайтаришмоқда? Умуман мухлиснинг ҳуқуқи ва бурчи нималардан иборат. Ана шулар ҳақида ҳам тўхталишни лозим топдик. - Ишқибозларимиз ўз ҳуқуқларини жуда яхши билишади. Лекин, жамоа олдидаги бурчларини кўпинча унутиб қўйишади, - дейди футбол фахрийси, таниқли шарҳловчи Аҳбор Имомхўжаев. Бу сўзларни наманганлик мухлислар учун ҳам тааллуқли деб ҳисоблаш мумкин. Бизнингча ашаддий мухлис ўз жамоасининг ҳақиқий жокуяри бўлиши талаб этилади. Ана шу жонкуярлик нимадан иборат бўлиши лозим? Сир эмас «Навбаҳор»нинг ашаддий мухлислари стадионга текинга киришга ҳаракат қилишади. Энг яхши жой ҳам уларники бўлиши керак. Нима, ўйингоҳга футбол томоша қилгани Учқўрғон, Норин, Чуст, Поп, Чортоқ, Нанай ва бошқа туманлардан келган бошқа ишқибозлар ашаддий мухлис эмасми? Бир сўз билан айтганда стадионга ташриф буюрган ҳар бир инсонни ашаддий мухлис дейишга ҳақлимиз. Тўғри, стадионда ҳар бир ишқибоз қулай жойда ўтириб футбол томоша қилишни хоҳлайди. Бунга ҳеч ким монеълик кўрсатолмайди. Фақатгина «мен ашаддий мухлисман» дея кўкракка уруб стадионга бепул эмас чипта сотиб олиб кирилса яхшироқ бўларди. Ўша чипта пули тома-тома кўл бўлишини ҳам бир ўйлаб кўринг. Клуб мутасаддилари кўпинча футболга ташриф буюрган мухлис билан сотилган чипталар ўртасидаги тафовутдан нолишади. Қани энди ўша «ашаддий»лар чипта текшираётган ўйингоҳ ходимлари ёнида бир соат туриб «чипта орқадаги шеригимизда» дея ўтиб кетаётган уч нафар инсонни тўхтатиб, охиргисидаги битта чипта ўрнига яна учтани сотиб олишга ёрдам берсалар қандай яхши бўларди.

Авваллари мавсумий абонемент чипталари сотувга чиқариларди. Нима сабабдандир кейинги йилларда бундай ишлар хотирадан кўтарилиб қолди. Бизнингча буни яна йўлга қўйиш лозим. Аммо, шуни ҳам унутмаслик керакки, ўйингоҳдаги ҳар бир учрашув учун сотиладиган чипта нархидан арзонроқ бўлса, барча мухлислар сотиб олишса керак. Дейлик, битта чиптанинг нархи икки минг сўм белгиланган бўлса, абонементнинг бир варағини ўша 2 минг сўмдан 10 ёки 15 фоизини чегириб ташланса мақсадга мувофиқ бўларди (Худди автобуснинг ойлик чипталарига ўхшатиб). Хуллас, клуб–жамоа–мухлис ўртасидаги тандем шундан иборат дея ёзганларимизни тугатдик. Мақолада илгари сурилган фикрлар кимгадир ёқар ёки аксинча. Ёқмаган жойларини асабийлашмасдан хаёлингиздан чиқариб ташлайсиз деган умид билан нуқта қўйдик.

Олимжон Хоназаров.

 

Навбатдаги учрашув

Олий лига, 18- тур

19.08.2017


Ўтган ўйинлар

12/08 Навбаҳор - Қизилқум 3:2

05/08 Обод - Навбаҳор 0:2

25/06 Насаф - Навбаҳор - 4:0

20/06 Навбаҳор - Олмалиқ 1:1

14/06 Сўғдиёна - Навбаҳор 2:1

 

Турнир жадвали

№ Жамоа

Ў

Ю

О

1. Локомотив

17

12

39

2. Қўқон-1912

17

8

30

3. Насаф

17

9

29

4. Пахтакор

17

8

28

5. Бухоро

17

8

27

6. Бунёдкор

17

6

25

7. Навбахор

17

6

25

8. Олмалиқ

17

6

25

9. Машъал

17

6

24

10. Металлург

17

7

23

11. Қизилқум

17

5

21

12. Динамо

17

5

19

13. Шўртан

17

8

19

14. Сўғдиёна

17

5

18

15. Нефтчи

17

2

12

16. Обод

17

2

9


 

Олий лига-2017

18/08 "Металлург"-"Локомотив"

18/08 "Насаф" - "Бунёдкор"

18/08 "Динамо" - "Пахтакор"

19/08 "Нефтчи" - "Навбаҳор"

19/08 "Қизилқум"-"Қўқон-1912"

19/08 "Машъал" - "Шўртан"

19/08 "Олмалиқ" - "Сўғдиёна"

19/08 "Обод" - "Бухоро"

Мактублар почтаси

Мактублар почтасидан фойдаланиш учун сайтга киринг ёки регистрациядан ўтинг!

Авторизация

FAQ

ПАНЕЛЬ
ПАНЕЛЬ