pfcnavbahor.uz "Навбаҳор" профессионал футбол клубининг расмий сайти
Илҳом Мўминжонов: "Шартнома тузган футболчилар билан фахрланаман"
02.03.2017 14:46

“Навбаҳор” клуби қишки тайёргарлик йиғинлари доирасида бир қатор эътиборга молик селекция ишларини ҳам олиб борди. Бир қанча савияли ўйинчилар жалб этилди, таркиб кучайтирилди. Наманганлик мухлисларга ҳам бундай ўзгаришлар ёқаётгани сир эмас. Демак, селекциядаги фаолликдан шуни билиш мумкинки, жамоа янги мавсумда юқори ўринлар учун кураш олиб боради. Ҳар холда “Навбаҳор”га келган ўйинчилар бизни шундай фикр юритишимизга ундашмоқда. Ушбу масалага бош мураббий шундай жавоб қайтарди:
* Биринчи навбатда вилоят ҳокими Хайрулло Хайитбоевич Бозаровга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бизга шунчалик шароитлар яратиб бераётганидан хурсандман. Негаки, мен хоҳлаган ва истаган футболчиларни жамоага олиб келиш учун барча ёрдамларни берди. Албатта, янги мавсумда 2016 йилги чемпионатга қараганда мазмунлироқ ўйинлар кўрсатиб, юқори ўринлар учун курашамиз. Бу йил сафимизга қўшилиб, “Навбаҳор” билан шартнома имзолаган футболчилар билан фахрланаман ва менинг уларга бўлган ишончим жуда баланд, - деди Илҳом Мўминжонов.
Янги футбол мавсуми бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Барча жамоалар эса ўз режалари асосида тайёргарлик кўришди ва айни пайтда аксарияти якунловчи йиғинни ўтказишяпти. “Навбаҳор” ҳам Тошкентдаги машғулотларини якунлади. Илҳом Мўминжонов эса қишки тайёргарликдан қанчалик қониқиш ҳосил қилгани ҳақида гапирди.
* Қишки йиғинимиз ҳақида гапирадиган бўлсам, биз икки ой мобайнида “Ўзбекистон” меҳмонхонасида яшадик. Шу икки ой ичида 11 та ўртоқлик учрашувини ўтказдик. Бемалол айтишим мумкинки, ташкил этган йиғинларимиздан кўнглим анча хотиржам бўлди. Ўйлайманки, футболчиларимизнинг чемпионатга кўрган тайёргарлиги пухта бўлди. Қисқа қилиб айтганда, менинг кўнглим тўлди.
Наманганлик мухлислар ниҳоятда талабчан, буни барча яхши билади. Шунинг учун бош мураббийнинг зиммасида турган масъулият ҳам шунга яраша катта. Лекин доим мураббий ўйлаган ишлар амалга ошавермайди. Узоққа бормайлик, ўтган йили қишда “Навбаҳор”да ҳам селекция борасида бир мунча фаоллик кузатилганди. Бироқ чемпионат бошланганидан кўп ўтмасдан жамоа инқирозга юз тута бошлади. Шунга ўхшаш ҳолат бу йил ҳам кузатиляпти. Яъни, селекция яхши олиб борилди. Бироқ бунинг самараси қанчалик эканлиги чемпионатда кўринади. Мўминжоновдан бу нарса сизни ҳавотирга солмаяптими, деган саволимизга қуйидагича жавоб олдик.
* “Навбаҳор” клубига фақат яхши ниятлар билан келганман. Ўзингиз ҳам биласиз, Наманганга ўтган йили мавсум тугашига икки тур қолганида келгандим. Ўша пайтда кўпчилик мутахассислар ва устозларим менинг бу қароримдан ҳайрон бўлиб, қаерга кетяпсан, Наманганда ишлаш жуда оғир деб гапиришганди. Бу йил ўзимиз истаган ўйинчиларни таклиф этдик, мен уларга жуда ишонаман. Шу ўтган икки ой ичида ўз тактикамизга эга бўлдик. Умид қиламанки, ўтган йилгига қараганда, янги мавсумда яхшироқ ўйинлар кўрсатиб, натижаларимиз ҳам шунга яраша бўлади. Ниятим жуда катта. “Навбаҳор”да узоқ йиллар давомида ишлагани келганман.
Биз клубнинг селекция ишларига бежизга тўхталаётганимиз йўқ. Кўплаб клублар ўз таркибларида кўришни истаган футболчилар “Навбаҳор”га ўтиб кетишди. Бунда албатта Илҳом Мўминжоновнинг ҳиссаси катта. Вазиятдан фойдаланган ҳолда ундан қайси ўйинчини олиб келиш бошқаларга қараганда мураккаброқ кечди деб сўраганимизда Мансур Саидовни айтди.
* Мен учун Мансур Саидовнинг жамоамизга жалб этилиши анча оғир жараён бўлди. Чунки у “Қизилқум” жамоаси билан музокара олиб бораётган экан. Лекин шунга қарамай, барибир Саидовни ўз сафимизга жалб қилишга эришдик. Тўғри, қолган футболчиларни таклиф этиш ҳам осон бўлди дея олмайман. Бироқ уларга қараганда, Мансурни таклиф этиш ҳамда сафимизга қўшилиши қийинроқ кечди. Футболчининг янги мавсумда “Навбаҳор”га катта ёрдами тегади.
Мансур Саидовдан ташқари Неманья Йованович масаласига ҳам алоҳида тўхталишни лозим топдик. Сербиялик ушбу ҳужумчи 2016 йилнинг иккинчи даврасида “Қизилқум” таркибига келиб тўпурарлик маҳоратини кўрсата олди. Янги мавсум арафасида эса навоийликлар раҳбариятига ҳужумчининг қўйган талаблари кўплик қилди ва буни бажара олмасликларини айтиб Йовановичдан воз кечишга қарор қилгандилар. Шундан сўнг Неманья “Навбаҳор”да пайдо бўлди. Демак, наманганликлар футболчининг талабини қондира олдилар. Бундан шу нарса аён бўляптики, клубда молиявий томондан ишлар яхши.
* Ҳа, молиявий масалалар яхши-ку, аммо ҳамма жойда ҳам пул роль ўйнамайди, - дея фикр билдирди, Мўминжонов. – Биласизми, жамоамиздаги ҳозирги футболчилар билан декабрь ойидаёқ музокара ўтказиб бўлганман. Боя айтганимдек, биргина Мансур Саидов масаласида бироз келишмовчиликлар бўлиб қолди. Ваҳоланки, у билан ҳам декабрда гаплашганман. Барибир январь ойи охирларида яна сафимизга қўшилди. Йовановични у қадар катта маблағ эвазига олганимиз йўқ. “Қизилқум” тўлайдиган пулнинг ярмига келишдик. Биз унинг ўзи билан ўзаро келишган ҳолда шартнома имзоладик.
Яна бир эътиборга молик янгиликлардан бири шундаки, Анвар Солиев “Навбаҳор”га қайтди. Катта футболга ушбу клуб орқали кириб келган собиқ футболчи улкан ютуқларга эришди. Энди эса мураббий сифатида “Навбаҳор”да иш бошлашга қарор қилди. Мўминжонов эса унинг зиммасидаги ишлар нималардан иборат эканлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
- Солиев “Навбаҳор”да спорт директори бўлиб ишлаяпти. Уни клубга шахсан ўзим таклиф қилдим. Анварнинг маҳорати қанчалик эканлигини жуда яхши биламан. Шунингдек, футболга қандай кўз билан қарашини яхши билганим учун ҳам таклиф этдим. У албатта менга ёрдам беради. Шу билан бирга “Навбаҳор”нинг истиқболли режаларининг амалга ошишида ўз ҳиссасини қўшади.
Натижа учун жавобгар шубҳасиз Илҳом Мўминжонов. Лекин кўп нарса унинг атрофида йиғилган ёрдамчиларига ҳам боғлиқ саналади. Шунинг учун мураббийлар штаби хусусида ҳам ўз қарашларини билдирди.
* Мураббийлар штаби хусусида тўхталадиган бўлсам, Владимир Андреев, Шерзод Шарипов ва Жамшид Умаров менга яқиндан ёрдам беришяпти. Ўтган йилги мураббийлар штабидан биргина Дурбек Умаралиевни олиб қолганман. У бизда бешинчи мураббий бўлиб қолди. Биз мана шу штаб билан биргаликда ишлаймиз ва плюс Анвар Солиев!
Бош мураббий таркибни шакллантириш даврида маҳаллий ўйинчиларни ҳам таклиф этишни унутгани йўқ. Бунга мисол қилиб, Жаҳонгир Меҳмонов, Мирзоҳид Ғофуров, Абдулазиз Султонов кабиларни айтиш мумкин. Аммо шу билан бирга яна бошқа маҳаллий ўйинчилар жамоани тарк этишди. Бу ҳолатга бош мураббийнинг муносабати қандай бўлганига қизиқдик.
* Декабрь ойида амалга оширган катта ишларим – булар Жаҳонгир Меҳмонов, Мирзоҳид Ғофуров ва Ғиёс Комилов бўлди. Бу футболчилар билан ўша пайтда музокара олиб бордик ва 80 фоизга ишларни ҳал қилиб қўйгандик. Наманганлик ушбу ўйинчиларни қайтарганимиздан жуда хурсанд бўлдим. Уларнинг “Навбаҳор”га катта ёрдамлари тегишига ишончим комил. Шунингдек, ўтган йилги таркибдан учтасини – Дилшод Жабборов, Тоҳир Шамситдинов ва Аъзам Алиевни олиб қолдим.
Мавзуга доир мусоҳабани давом эттирган ҳолда Алишер Маҳмудов масаласига алоҳида тўхталишни лозим топдик. У ҳам наманганлик ва жамоага катта ҳиссаси теккан. Аммо у қишки йиғинлар пайтида кутилмаганда “Навбаҳор”ни тарк этиб, “Сўғдиёна”га қўшилди. Ўшанда футболчи ўзига бош мураббийнинг ишончи йўқлиги сабабли кетганини маълум қилганди. Мўминжонов эса ниҳоят бу борада ўз фикрларини айтди.
* Алишер жамоамизда бир ой давомида шуғулланди ва ўртоқлик учрашувларида голлар ҳам урди. Маҳмудовни кучли футболчи деб ҳисоблайман. Мен унинг жамоамиз захирасида ўтириб қолишини хоҳламадим. Шу сабабли унга ўзи учун бошқа жамоа қидиришини таклиф қилдим. Биламан, Маҳмудовга ўхшаб стандарт вазиятларини ва хавфли зарбаларни ажойиб тарзда йўллай оладиган ўйинчилар кам. Мен уни жуда ҳурмат қиламан. Алишернинг кейинги фаолиятида омад тилайман. Тўғри, кўп мутахассислар ушбу ўйинчига жавоб бериб юборганимга ҳайрон бўлишди. Алишерни захирамизда ўтиришини истамаганим учун ҳам кетишини истадим. Чунки бизда унинг позициясида ўйнай оладиган футболчилар бор.
“Навбаҳор”нинг ўтган йилги таркиби билан бу йилгисини солиштирадиган бўлсак, катта фарқи кўриняпти. Мўминжонов ўзи мустақил равишда бу сафар таркибни йиғди. Бундан кўриниб турибдики, у ўтган йилги таркибнинг бу йилгисига кучи етмаслигини сезган.
* Ҳа, ўша таркибнинг кучи етмаслигини сезгандим, - дея тасдиқлади мураббий. – Мен ўз қарашларим бўйича бошқа ўйинчиларга ишонч билдирдим. Шунинг учун кўп футболчилар билан хайрлашишга тўғри келди. Жаҳонгир Меҳмонов, Алишер Саматов, Мирзоҳид Ғофуров, Андрей Сидоров, Мансур Саидов, Ойбек Қиличев, Ғиёс Комилов, Неманья Йованович, Дарко Станоевич каби футболчилар олдида уларнинг захирада ўтириб қолишини истамаганим учун ўзларига бошқа клублар топишини айтдим. Наманганлик ишқибозларга эса доим соғлик тилайман ва ҳамиша “Навбаҳор”ни қўллаб-қувватлашларини истайман.
Манба: “championat.asia”

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Навбатдаги учрашув

Олий лига, 16- тур

05.08.2017


Ўтган ўйинлар

25/06 Насаф - Навбаҳор - 4:0

20/06 Навбаҳор - Олмалиқ 1:1

14/06 Сўғдиёна - Навбаҳор 2:1

27/05 Навбаҳор - Бунёдкор 1:1

18/05 Бухоро - Навбаҳор 3:3

 

 

 

Турнир жадвали

№ Жамоа

Ў

Ю

О

1. Локомотив

14

10

32

2. Қўқон-1912

15

7

27

3. Насаф

14

8

26

4. Олмалиқ

15

6

24

5. Пахтакор

15

7

24

6. Бухоро

15

7

23

7. Металлург

14

6

20

8. Машъал

15

5

20

9. Қизилқум

15

5

20

10. Динамо

15

5

19

11. Навбахор

15

4

19

12. Бунёдкор

14

4

18

13. Сўғдиёна

15

5

17

14. Шўртан

15

5

15

15. Нефтчи

15

2

11

16. Обод

15

2

9

Олий лига-2017

05/08 "Обод" - "Навбаҳор"

05/08 "Динамо" - "Металлург"

05/08 "Нефтчи" - "Шўртан"

05/08 "Олмалиқ" - "Бухоро"

06/08 "Қизилқум" - "Пахтакор"

06/08 "Насаф" - "Қўқон-1912"

06/08 "Сўғдиёна" - "Бунёдкор"

07/08 "Локомотив" - "Машъал"



Мактублар почтаси

Мактублар почтасидан фойдаланиш учун сайтга киринг ёки регистрациядан ўтинг!

Авторизация

FAQ

ПАНЕЛЬ
ПАНЕЛЬ