“Навбаҳор”ни муносиб тарзда қўллаб-қувватлаймиз”

Рейтинг:  0 / 5

Звезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активна
 

Мамлакатимиз футболида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шундай янгиликлардан бири ҳар бир Суперлига клублари қошида мухлислар билан ишлаш бўлимларининг ташкил этилганлигидир. Хабарингиз бор, Наманганда футболга қизиқиш жуда кучли ва наманганлик ишқибозларнинг таърифи нафақат юртимиз, балки хориж мамлакатларига ҳам ёйилган.

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг қароридан руҳланган наманганлик мухлислар дарров ўзларига раҳбар сайлаб, астойдил ишга киришдилар.

Бу йил Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ташкил топганлигига 40 йил тўлади. Мазкур юбилейни кўтаринки руҳда ва тантанали тарзда ўтказиш учун “Навбаҳор” клуби томонидан бир қатор тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Тўйга тўёна сифатида жамоа олдига ҳам клуб раҳбарияти томонидан   совриндорлар сафидан жой олиш вазифаси қўйилди.

Табиийки, мазкур жараёндан мухлислар ҳам четда қолишмади ва жорий мавсумда севимли жамоаларини ўзгача тарзда қўллаб-қувватлашни мақсад қилишган. Биз шу ҳақда кенгроқ маълумот  мақсадида “Навбаҳор – Лочинлари” ПФК мухлислар билан ишлаш бўлими бошлиғи Фарҳод Умаралиев билан суҳбат уюштирдик.

  • Фарҳод, ўзингизга маълум, жорий мавсумдан бошлаб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан мухлисларга ҳам жиддий талаблар қўйилмоқда. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
  • Миллий чемпионатимизнинг номи Суперлигага айлантирилганидан кейин мухлисларга ҳам жиддий талаблар қўйилмоқда. Шундай талаблардан бири, мабодо ишқибозлар тартибсизликка йўл қўйишса, клубларга катта миқдорда жарима солиниши, клубларнинг дисквалификация қилиниши ва ҳоказо. Албатта бунга йўл қўймаслик учун ишқибозлар орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Учрашувлар пайтида ҳар бир томошабинлар ўтирадиган ҳудудларда махсус сардорлар бўлади ва улар ички ишлар ходимлари билан баҳамжиҳат ҳолда иш олиб бориб, мухлислик маданиятини юксалтириш учун амалий ишлар олиб боришади. Жумладан, ишқибозларнинг стадионларга тартибли ҳолда кириб-чиқишлари, уларнинг тартибсизликка йўл қўймасликлари учун ҳаракат қилишади.
  • Маълумки, мухлислар жамоалар учун 12-рақамли футболчи ҳисобланишади. Севимли жамоангиз “Навбаҳор”ни қўллаб-қувватлаш учун қандай ишларни амалга оширяпсизлар?
  • Бу йил “Навбаҳор” ташкил топганлигига 40 йил тўлади. Шу муносабат билан биз бу йилдан бошлаб, бир қатор янгиликларни жорий этдик. Шулар қаторида жамоа гимни, “Навбаҳор”га бағишланган қўшиқ яратиш, севимли жамоамизни ўйинлар вақтида турли шиорлар ёзилган байроқларни кўтарган ҳолда, жамоа рамзи туширилган футболкаларни кийиб, шарфларни тақиб, турли шиорларни қичқириб айтиш орқали уларни руҳлантирган ҳолда, қўллаб-қувватлаш шулар жумласидан.

Бундан ташқари, “Навбаҳор” мухлислари учун махсус телеграмм @fkmuxlis канали ишлаб турибди. Мазкур канал орқали мухлислар жамоадаги янгиликлардан бохабар бўлиб туришади.   

Сафар ўйинларида ҳам севимли жамоамизни ёлғизлатиб қўймасликка, муносиб қўллаб-қувватлашга интиляпмиз. Жумладан, Бекобод ва Олмалиқ шаҳарларига бориб, “лочинлар”га руҳий далда бердик. Айниқса, Олмалиқда севимли жамоамизни ўзгача тарзда қўллаб-қувватладик. Менимча, бу ҳам ўз самарасини бериб, “Навбаҳор” сафардан 4 очко билан қайтди.

  • 17 март куни наманганликлар ўз майдонларида “Локомотив”ни қабул қилишади. Шу куни шунингдек, “Навбаҳор”нинг 40 йиллик юбилейи ҳам кенг нишонланади. Мазкур тадбирни муносиб тарзда нишонлаш учун мухлислар билан ишлаш бўлими томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
  • Албатта, 17 март кунги тадбирга ҳам мухлислар билан ишлаш бўлими томонидан бир қатор ишларни амалга ошириш режаси ишлаб чиқилган. Аммо бу ҳозирча сир. Барча ишқибозларни 17 март кунги ўйинга таклиф этаман. Ўшанда улар биз – мухлислар севимли жамоамиз учун қандай совға тайёрлаганлигимизга гувоҳ бўлишади.

Кези келганида, яна бир нарсани таъкидлашни хоҳлардим. Бу йилдан бошлаб, “Навбаҳор” уй учрашувларини ўтказадиган “Марказий” ўйингоҳда мухлислар учун қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, энди ишқибозлар ўйингоҳга турникет орқали киришади ва чипта сотувидан тушган пуллар клуб ғазнасига тушади. Бундан ташқари, стадионнинг ўзида пирожнийлар, салқин ичимликлар ва музқаймоқ сотуви ҳам йўлга қўйилмоқда. Қисқаси, бу йил биз – мухлислар учун  “Марказий” ўйингоҳда яхши шароитлар яратилмоқда.

Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлашни истардимки, “Локомотив”га қарши кечадиган учрашувга Миллий олимпия қўмитаси президенти, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ташриф буюрадиган бўлди. Биз бўлажак ташрифдан жудаям хурсандмиз. Биз шу куни наманганлик мухлислар севимли жамоаларини қандай қўллаб-қувватлашларини намойиш этиш ниятидамиз. Зора, шундан сўнг, терма жамоамиз иштирокидаги ўйинлари Наманганда ўтказилса. Биз ўшанда термамиз вакилларини ҳам ажойиб тарзда қўллаб-қувватлардик. 

  • Жорий мавсумда “Навбаҳор” ўз таркибини бир қатор янги футболчилар билан тўлдирди. Сиз мазкур футболчиларнинг ҳаракатларини бевосита стадионда кузатдингиз. Уларнинг ўйинлари борасида нима дея оласиз?
  • Албатта, олдига юксак мақсадларни қўйган жамоанинг таркиби ҳам шунга яраша кучли бўлиши керак. Севимли жамоамиз ўз таркибини бир қатор янги футболчилар билан тўлдирди. Эндигина 2та тур баҳслари ортда қолди ва улар ҳозирча ишончни оқлашмоқда.

Ўз навбатида янги жамоанинг ўйинига киришиб кетиш учун футболчиларга бироз вақт кераклигини ҳам унутмаслик лозим.  Демак, кейинги баҳсларда мазкур футболчилардан янада яхшироқ ўйинлар кутиб қоламиз.

Фурсати келганида, шуни ҳам таъкидлашни хоҳлардимки, бир пайтлари Наманган вилояти терма жамоаларимиз учун кўплаб маҳоратли футболчиларни етказиб берарди. Сўнгги йилларда ушбу анъана тўхтаб қолди. Энди яна шу ёқимли анъанани такрорлаш вақти келди. Вилоятимизда иқтидорли ёш футболчилар кўпчиликни ташкил этади. Фақат уларга ўз вақтида эътибор қаратилса, яхши бўларди. Шунда Намангандан яна Одил Аҳмедов, Одил Ҳамробеков, Анвар Солиев,  Шуҳрат Мирхолдиршоев, раҳматли Тоҳир Мадраҳимов, Хайрулла Каримов сингари таниқли ўйинчилар етишиб чиқишади. Биз – мухлислар яна шундай дамлар келишига умид қиламиз.             

  • Жорий мавсумда “Навбаҳор”нинг олдига совриндорлар сафидан жой олиш вазифаси қўйилди. Сизнингча, жамоа бу вазифани уддалай оладими?
  • Таркибдан маҳоратли футболчилар жой олишган. Шунингдек, Илҳом Мўминжонов яхши жамоа шакллантирди. Шундай экан, “Навбаҳор” ўз олдига қўйилган вазифани бажаради, деган умиддаман. Биз ҳам бу йўлда ўз кучимизни аямай, “Навбаҳор”ни муносиб тарзда қўллаб-қувватлаймиз. Худо хоҳласа, севимли жамоамиз 40 йиллик юбилейига муносиб совға тайёрлайди, деган умиддаман.

Фурсатдан фойдаланиб,  биз – мухлисларга қулай шароитларни яратиб бераётган  Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулла Ҳайитбаевич Бозаров, Наманган шаҳар ҳокими, “Навбаҳор” клуби президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Олимжон Ботирович Исаев, “Навбаҳор” клуби раҳбариятига барча наманганликлар, мухлислар номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.