“10-рақамда машҳур футболчилар ўйнашган”

Рейтинг:  5 / 5

Звезда активнаЗвезда активнаЗвезда активнаЗвезда активнаЗвезда активна
 

 

Жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадларни қўйган Наманганнинг “Навбаҳор” клуби ортда қолган 2та тур баҳсларидан кейин пешқадамлар сафида бормоқда. Биринчи турда Бекободда “Металлург” билан нурсиз дурангга имзо чеккан “лочинлар” 2-турда Олмалиқда АГМКни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Олмалиқликлар устидан қозонилган ғалабада жамоа ярим ҳимоячиси Азизбек Турғунбоевнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Учрашувнинг 50-дақиқасида Турғунбоев жарима зарбасини ажойиб тарзда амалга ошириб, ҳисобни очган бўлса, ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда бурчак зарбасини амалга ошириб, жамоадоши Дилшод Жабборовга тўпни қулай тарзда етказиб, унинг голига ҳаммуаллифлик қилди.

Биз 2-тур қаҳрамонидан интервью олдик.   

  • Азизбек, мана Суперлиганинг 2та тур баҳслари ортда қолди. Бу борадаги дастлабки хулосаларингиз...
  • Суперлига ўз номига мос равишда қизиқарли учрашувларга бой тарзда кечмоқда. Ўйинлар натижасини олдингидек аввалдан башорат қилиш қийин бўлмоқда. Кутилмаган ҳисоблар қайд этилмоқда. Масалан, “Металлург”нинг “Локомотив” майдонидан очко билан қайтиши, бу йил ўз таркибини сезиларли тарзда кучайтирган “Пахтакор”нинг “Бунёдкор”дан мағлубиятга учрашини ким ҳам ўйлабди, дейсиз? Шундай экан, Суперлигадаги барча клублар кучли, уларнинг орасида кучсизи йўқ. Ҳар бир жамоа ўз ҳисобига очко ёзиб қўйиш учун курашмоқда.
  • Навбаҳор” ҳам сафарда “Металлург” ва АГМК клубларига қарши баҳс олиб бориб, дуранг ва ғалаба қайд этди. Рақиблар борасида нима дея оласиз?
  • Бекободликлар жамоамизга қарши кечадиган ўйинга яхши тайёргарлик кўришган экан. Шундай бўлсада, “Металлург” билан бўлган баҳсда ғалаба қозониш учун майдонга тушдик. Аммо юзага келган вазиятлардан фойдалана олмадик. Бундан ташқари, майдоннинг сифати ҳали талаб даражасида эмаслиги ҳам ўйинимизга ўз таъсирини ўтказди.

Шу сабабли, Бекободда нурсиз дуранг билан чекланишга мажбур бўлдик.

АГМК биринчи турда сафарда, “Бунёдкор”дан очко олиб қайтганди. Шунинг учун олмалиқликлар билан бўладиган учрашувга астойдил тайёргарлик кўрдик. Ўша ўйинда клуб раҳбарияти ва мухлисларнинг  ишончларини оқлаш учун ютишимиз шарт эди. Худога шукр, ўз ниятимизга етиб, муҳим 3 очкони қўлга киритдик.

  • АГМК билан бўлган учрашувда жарима зарбасини ажойиб тарзда амалга ошириб, ҳисобни очдингиз. Ғалаба тўпи киритилганда эса бурчак зарбасидан кейин тўпни Дилшод Жабборовга қулай тарзда етказиб бердингиз. Стандарт вазиятларни амалга ошириш борасида машғулотлар давомида алоҳида шуғулланасизми?  
  • Албатта, шуғулланаман. Ўтган мавсумда ҳам айрим пайтларда стандарт вазиятларни амалга оширардим. Жорий йилдан бошлаб, жарима ва бурчак тўпларини тепишни менга кўпроқ ишониб топширишди. Мендан ташқари, жамоамиз сардори Дилшод Жабборов ҳам стандарт вазиятларни амалга оширишда устаси фаранг. Жарима зарбалари қайси нуқтадан белгиланишига қараб, Дилшод ака билан келишган ҳолда, стандарт вазиятларни амалга оширяпмиз.
  • Олмалиқдаги ўйинда эса жарима зарбасини амалга ошириш учун тўп олдига сиз келдингиз. Ўша лаҳзаларда гол уришингизга ишонганмидингиз?
  • Ўша вазиятда тўп киритишимни юрагим сезганди. Шунинг учун тўп олдига ўзим бориб, жарима зарбасини амалга оширдим ва Худога шукр, ички сезгим панд бермади.                             
  • Стандарт вазиятларни самарали тарзда амалга ошириш учун қайси футболчиларнинг ўйинларини кузатиб, улардан ўзига хос тарзда “сабоқ” оляпсиз?
  • Замонавий футболда жарима зарбаларини амалга ошириш борасида “Барселона” етакчиси Лионель Мессига тенг келадиган футболчи бўлмаса керак, менимча. Шунингдек, “Реал” ҳужумчиси Криштиану Роналду ҳам стандарт вазиятларни самарали тарзда фойдалана олади.

Жаҳоннинг энг яхши футболчилари бўлган мазкур ўйинчилардан техника ва стандарт вазиятларни амалга оширишни ўзлаштиришга ҳаракат қиляпман.

  • Жорий мавсумда нечта гол уришни мақсад қилгансиз?
  • Ҳар бир ўйинда тўп киритишни мақсад қилганман. Буни амалга ошириш учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Албатта, буни ёлғиз ўзингиз амалга оширишингиз қийин. Шунинг учун ўтган мавсумдаги бўлгани каби ярим ҳимоядаги шерикларим – Дилшод Жабборов, Аъзам Алиев ва Остон Ўруновлар ҳам ўз “пас”лари билан бу борада ёрдам бериб, голларимга яна ассистентлик қилишади, деган умиддаман. Ушбу жамоадошларим билан майдонда бир-биримизни яхши тушунамиз ва жамоамизнинг ғалабаларига муносиб ҳиссамизни қўшамиз.
  • Жорий мавсумда “Навбаҳор” таркибига бир қатор янги футболчилар қўшилишди. Янги жамоадошларингиз ҳақида фикрингиз қандай?
  • Янги жамоадошларимнинг барчаси юқори савияли футболчилар. Улар дастлабки 2та ўйинда ўз маҳоратларини намойиш этишди ва бундан кейин ҳам ишончни оқлаш учун ҳаракат қилишади. Ҳозирги таркибимиз яхши шаклланган. Мазкур футбочилар билан олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз, деган умиддаман.
  • Ўтган мавсумда 77-рақам остида тўп сургандингиз ва буни 7 рақамини ёқтиришингиз билан изоҳлагандингиз. Бу йил эса 10-рақамни танлабсиз. Бунинг сабаби нимада?
  • Тўғри, 7 рақамини ёқтираман. Аммо 10-рақам остида жаҳонга машҳур футболчилар – Пеле, Диего Марадона ва яна кўплаб таниқли ўйинчилар ўйнашган. Шу боис, мазкур рақамни танлашга қарор қилдим. Ўша машҳур футболчиларнинг издоши бўлиш, уларга ўхшашга интиламан. 
  • Суперлиганинг 3-тур доирасида “Навбаҳор” ўз майдонида амалдаги чемпион “Локомотив”ни қабул қилади. Бўлажак ўйин ва рақиб борасидаги фикрингиз...
  • “Темирйўлчилар”нинг Осиё Чемпионлар Лигаси ва миллий чемпионатимиз доирасидаги ўйинларини томоша қилдим. Тўғри, жамоа анча кучли ва таркибидан юқори савияли футболчилар жой олишган. Бунинг устига “Локомотив” амалдаги мамлакат чемпиони. Лекин ҳар қандай жамоа, жумладан, “Локомотив”ни ҳам мағлубиятга учратса бўлади. Ахир, “Металлург” “темирйўлчилар” майдонидан очко олиб қайтди-ку!

“Темирйўлчилар”га қарши кечадиган учрашув жорий мавсумдаги Намангандаги илк ўйин ва мавсумнинг очилиш баҳси бўлади.

Шунинг учун бўлажак учрашувга астойдил тайёргарлик кўряпмиз ва

17 март куни ғалаба қозониб, мухлисларга қувонч улашиш ниятидамиз.

Ишқибозлар 12-ўйинчи ролини бажариб, Бекобод ва Олмалиқ шаҳарларида жамоамизни ажойиб тарзда қўллаб-қувватлашди.

17 март куни мухлислардан янада фаол бўлишларини кутиб қоламиз. Бу бизнинг кучимизга-куч қўшиб, Худо хоҳласа, “Локомотив”ни мағлубиятга учратишимизда ёрдам беради.    

Бу йил “Навбаҳор”нинг 40 йиллик юбилейи нишонланади. Биз ҳам тўйга тўёна дегандек, яхши ўйинлар намойиш этиб, совриндорлар сафидан жой олишга ҳаракат қиламиз.

Фурсати келганида, клуб раҳбариятига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар бизга барча шароитларни яратиб беришяпти. Уларнинг ишончларини оқлаш учун майдонда бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.   

Жамоамиз аҳил-иноқ ва яхши шаклланган. Бу жамоа билан ҳар қандай рақибни мағлубиятга учратишга қурбимиз етади