Клуб тарихи

Рейтинг:  0 / 5

Звезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активна
 

«Навбаҳор» футбол клуби 1978 йили ташкил топган. Жамоа ўша вақтда «Текстильшик» номи билан собиқ иттифоқ чемпионати иккинчи лигасининг 5-минтақаси баҳсларида қатнашган. 1980 йилга келиб «Текстильшик» номи «Навбаҳор»га ўзгартирилди. Жамоа собиқ иттифоқ чемпионатларида муваффақиятли қатнашиб, 1981-1982 йилларда иккинчи лиганинг еттинчи минтақаси жамоалари орасида фахрли учинчи ўринни эгаллади.
1984 – 1987 йилларда жамоа «Автомобилист» номи остида тўп сурди. 1984 ва 1986 йилларда наманганликлар «Пахтакор-79» хотира турнирида ғолиб чиқишди. «Навбаҳор» аъзолари ўз маҳоратларини йил сайин ошириб, собиқ иттифоқ 52-чемпионатининг иккинчи лига бешинчи минтақасида муваффақиятли қатнашиб, биринчи лигага чиқиш имкониятини берадиган «буфер» минтақа мусобақаларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Икки мавсум «буфер» минтақада тўп сурган «Навбаҳор» 1990 йил якунига кўра, биринчи лига йўлланмасига эга бўлди.
1987 йилнинг ноябрь ойида «Навбаҳор» Марказий Осиёда биринчи, собиқ иттифоқда Украинанинг «Днепр» (Днепропетровск) клубидан сўнг, иккинчи бўлиб, хўжалик ҳисобидаги футбол клуби сифатида фаолият юритишни бошлади.
«Навбаҳор» 1978 йилдан 1991 йилга қадар собиқ иттифоқ чемпионати иккинчи лигасининг турли минтақаларида қатнашиб, 508та учрашувда майдонга тушган. Жамоа 245та ўйинда ғалаба қозониб, 100та учрашувда дурангга имзо чеккан бўлса, 163та баҳсда мағлубиятга учраган. 702та гол уриб, ўз дарвозасидан 513та тўп ўтказиб юборган.
1991 йили собиқ иттифоқ чемпионатининг биринчи лигасида иштирок этган «Навбаҳор» 42та ўйинда 19 та ғалаба қайд этган. Еттита баҳсда дуранг кузатилган бўлса, 19та учрашувда жамоа рақибларига имкониятни бой берган. Ўша йилги чемпионат якунида «Навбаҳор» 22та жамоа орасида тўққизинчи ўринни эгаллаган.
Наманганликлар 1989 йилдан 1991 йилгача собиқ иттифоқ кубогида ҳам 10та ўйин ўтказишган. Жамоа олтита учрашувда зафар қучиб, тўртта ўйинда мағлубиятга учраган. Мазкур учрашувлар давомида рақиблар дарвозасига 24та гол урилган. «Навбаҳор» ўз дарвозасидан 12та тўп олиб чиққан. Жамоанинг кубок баҳсларидаги энг йирик ғалабаси 1991 йили кузатилган. Ўша йили «Навбаҳор» ўз майдонида 1/32 финал доирасида Чимкентнинг «Мелиоратор» жамоасини 14:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритганди.
Собиқ иттифоқ даврида «Навбаҳор» Валихон Зуннунов, Виктор Орлов, Пётр Болдирев, Сергей Доценко, Павел Ким, Дмитрий Корнеев, Геннадий Неделкин, Валерий Гладилин ва Игорь Волчок каби таниқли мураббийлар бошқаришган.
1992 йилдан бошлаб, миллий чемпионатимиз мусобақалари ўтказиб келинмоқда. «Навбаҳор» ўшандан буён олий лига баҳсларида мунтазам равишда қатнашиб келмоқда. Наманганликлар чемпионат баҳсларида кўпроқ бронза медалларини қўлга киритишган. 1996 йили эса жамоа Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга эришган.
«Навбаҳор» Ўзбекистон кубоги баҳсларида ҳам мухлисларини хурсанд қилишга эришган. 1992, 1995 ва 1998 йилларда мамлакат кубоги қўлга киритилгач, биллур соврин жамоага абадий сақлаш учун топширилган.
1999 йили юртимизда ўтказилган дастлабки мамлакат суперкубоги учун «Пахтакор» клубига қарши кечган учрашувда ғалаба қозонган «Навбаҳор» илк суперкубок соҳиби ҳам ҳисобланади.
«Навбаҳор» халқаро майдонларда юртимиз шарафини ҳимоя қилган кам сонли клубларимиздан бири. Наманганликлар 1999/2000 йилларда ўтказилган Осиё кубок эгалари кубогининг финал босқичида иштирок этиб, қитъада тўртинчи ўринни қўлга киритишган. Жамоа бундан ташқари, 1997/1998 йиллардаги Осиё Чемпионлар кубоги (ҳозирги Осиё Чемпионлар Лигаси) мусобақасида ҳам қатнашиб, чорак финалга қадар етиб борган.
1996 йили кубок эгалари кубоги турнирида қатнашган «Навбаҳор» 1/8 финалда ўз юришини тўхтатган.