“Навбаҳор”нинг 2018 йилги тақдимот маросими

Рейтинг:  0 / 5

Звезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активна
 

“Навбаҳор”нинг 2018 йилги тақдимот маросими

         Жорий йилнинг 25 февраль куни Наманган шаҳридаги “Марказий” стадионда “Навбаҳор” клубининг 2018 йилги мавсум учун тақдимот маросими ўтказилди. Мазкур тадбирда Наманган вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Наманган вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулла Ҳайитбаевич Бозаров, Наманган шаҳар ҳокими, “Навбаҳор” ПФК президенти Шавкат Шокиржонович Абдураззоқов, Наманган вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Баҳром Муҳитдинович Холмирзаев, Наманган футбол ассоциацияси вице-президенти Олимжон Ботирович Исаев, “Навбаҳор” ПФК директори Акрамжон Гаппарович Дедабаев, “Навбаҳор” жамоаси вакиллари, клубнинг ёшлар, аёллар ва футзал жамоалари аъзолари, “Навбаҳор” фахрийлари, ҳомий ташкилотлар вакиллари, мухлислар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

         Маросим ўзбек ва рус тилларида олиб борилди.

         Дастлаб санъат усталари иштирокида дилрабо куй-қўшиқлар янгради. Шундан сўнг, бу йил нишонланадиган  “Навбаҳор”нинг 40 йиллик юбилейига атаб, ишланган махсус видеоролик йиғилганларга намойиш этилди. Унда жамоага оид тарихий лавҳалар акс эттирилганди.

         Кейин сўз Наманган вилоят ҳокими, Наманган вилоят футбол Ассоциацияси президенти Х.Бозаровга берилди. Хайрулла Ҳайитбаевич

ўз сўзида “Навбаҳор” клуби раҳбариятидаги ўзгаришлар ижобий натижа берганлиги, жори й йилдан бошлаб,  жамоанинг логотипи ва спорт формалари ўзгарганлиги, бу эса “Навбаҳор”нинг янги мавсумдаги ўйинларига ҳам ижобий таъсир ўтказиб, “лочинлар” янги мавсумда совриндорлар сафидан жой олиш учун кураш олиб боришларини таъкидлади.

         Кейин йиғилганларга “Навбаҳор”нинг янги логотипи ва жорий мавсум учун танланган спорт формалари намойиш этилди.

Жамоанинг янги логотипида акс эттирилган лочин – ўткир кўз, зукко, доимо баланд чўққиларни кўзловчи, нишонни аниқ олиб, мақсад сари олға интилувчи мағрур қуш. Янги мавсумда севимли жамоамиз футболчилари майдонда лочин каби хислатларга эга бўлиб, жамоатчилик ва мухлислар  ишончини оқлашади, деган умиддамиз.

“Навбаҳор”нинг янги спорт формаларида акс этган қизил ранг – вужудимизда оқиб турган қон ҳамда унинг ёрқинлиги барчамизга куч бағишловчи жўшқинлик, оқ ранг эса поклик, ёруғлик ва ҳалоллик рамзидир.

Шундан кейин “лочинлар” сафига мавсумлар оралиғида қўшилган янги футболчиларга улар янги мавсумда тўп сурадиган рақамлари ёзилган формалар тантанали равишда топширилди. Футболчиларга спорт формаларини Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Х.Бозаров, Наманган шаҳар ҳокими, “Навбаҳор” ПФК президенти Ш.Абдураззоқов  топширишди.

Унга кўра, жорий мавсумда  дарвозабон Акбар Тўраев -  45, ҳимоячи Томислав Пайович – 33, ҳимоячи Давронбек Ҳошимов – 24, ярим ҳимоячи – Зоҳир Пиримов – 11, ярим ҳимоячи Аюбхон Номанов – 8, ярим ҳимоячи – Равшан Дўстматов – 27, ярим ҳимоячи  Беҳруз Содуллаев – 23, ҳужумчи – Азамат Алланиёзов – 15, ҳужумчи Ненад Иняц – 12, ҳужумчи Сардор Сулаймонов – 17- рақам остида тўп сурадиган бўлишди.

Кейин “Навбаҳор” клуби бош мураббийи Илҳом Мўминжонов сўзга чиқиб, янги мавсумга тайёргарлик асосан пойтахтимиз Тошкентда олиб борилганлиги, мавсумлар оралиғида жамоага 10 нафар янги футболчи жалб этилганлиги, улар билан бу йил совриндорлар сафидан жой олиш учун астойдил ҳаракат қилишини таъкидлади.

Шундан сўнг, “Навбаҳор” жамоаси сардори Дилшод Жабборов сўзга чиқиб, футболчилар ўз олдиларига қўйилган вазифани бажариш учун ҳаракат қилиб, мухлислар ишончини оқлашларига ваъда берди.

Сўнгра, таниқли телебошловчи, “Миллион” жамоаси раҳбари Даврон Кабулов “Навбаҳор”нинг тақдимот маросимида қатнашаётганлигидан хурсанд эканлиги, жамоанинг тарихи бойлиги, январь ойида U-23 ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида зафар қучган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида 2 нафар наманганлик футболчининг борлиги наманганликлар учун фахр эканлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбир “Навбаҳор”га янги мавсумда омад ёр бўлишини тилаган ҳолда якунланди.

Теглар: ,